Ўзбекистон | 17:57 / 13.11.2025
4261
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳолининг ягона электрон тиббий картаси яратилди

36 миллиондан ортиқ аҳолининг тиббий маълумотлари дастур базасига киритилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

2025 йилда 20 дан ортиқ модулни ўз ичига олган DMED ягона электрон ахборот тизими яратилиб, 36 миллиондан ортиқ аҳолининг тиббий маълумотлари дастур базасига киритилди ва ўзбекистонликларнинг ягона электрон тиббий картаси (MED-ID) шакллантирилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, 40 га яқин клиник йўналиш бўйича 400 дан ортиқ протокол ва даволаш стандартлари орқали ташхислаш йўлга қўйилди. Шунингдек, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида тажриба-синов тариқасида “Электрон рецепт” тизими тўлиқ ишга туширилди. Таъкидланишича, ушбу тизим орқали контрафакт, сифатсиз, қалбаки дори воситаларини реализация қилиш ҳолатларининг олди олинади.

Хабарга кўра, DARMON ва DMED ахборот тизимларининг ўзаро интеграцияси орқали 3100 дан ортиқ рецептли ва рецептсиз дори воситаларининг автоматик янгиланадиган электрон рўйхати шакллантирилди.

Юнусобод туманидаги 20 дан ортиқ давлат, 200 га яқин хусусий тиббиёт муассасаси ҳамда 190 дан зиёд дорихона DMED платформасига уланди. Туман тиббиёт муассасаларида дори воситаларининг халқаро патентланмаган номи бўйича электрон рецепт ёзиш тизими жорий этилди. Таъкидланишича, шу туфайли Юнусободда беморларга ортиқча дори ёзиш ҳолатлари 40 фоизга камайди.

Юнусобод тумани тажрибаси асосида бутун республика бўйича 12 мингта дорихонанинг 8 мингдан ортиғи, яъни 66 фоизи қамраб олинди.

Бундан ташқари, тиббиёт муассасаларида 70 дан ортиқ қоғоз шаклидаги журнал, бланка ва маълумотномалардан тўлиқ воз кечилиши ҳисобига шифокорлар иш юкламаси 30 фоизга енгиллашди. Лаборатория таҳлиллари 3-5 дақиқада автомик равишда тизимда электрон шакллантирилиб, натижаларни олиш 24 соатга қисқарди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Рақамли соғлиқни сақлаш маркази ташкил этилиши натижасида тиббий муассасалардан шаффоф ва ишончли маълумотларни марказлашган ҳолда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда аналитик хизматлар кўрсатиш имкони яратилди. Тизимдаги 560 мингдан зиёд ходимларнинг фаолият йўналишлари бўйича ҳисобини юритиш автоматлаштирилди.

Илгари фуқароларни сарсон қилган қоғоз шаклидаги 28 та маълумотнома электронлаштирилиб, уларни инсон омилисиз бериш йўлга қўйилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид