Президент Шавкат Мирзиёев рақамлаштириш ва телекоммуникация соҳалари бўйича тақдимот билан танишди.
Давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган платформаси
Тақдимотда айтилишича, давлат бошқарувида маълумотлар базалари ва ахборот тизимлари турли идоралар кесимида тарқоқ ҳолда шаклланган, уларни таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш жараёнларида ягона ёндашув етишмаяпти.
Шу боис, давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинди. Мазкур тизим орқали ҳудуд иқтисодиёти, инвестиция, экология, хавфсизлик масалалари, аҳолини қийнаётган муаммолар, маҳаллаларнинг фаровонлик даражаси, фазовий маълумотлар, объектлар ва харита қатламлари ягона платформада акс эттирилади.

Платформа сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни таҳлил қилиш, ҳудудлар кесимида муаммоларни барвақт аниқлаш, қарорлар ижросини мониторинг қилиш, ресурсларни тўғри йўналтириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш имконини беради.
Давлат раҳбари жорий йилда ушбу рақамли бошқарув тизимини пойтахтда, келгуси йилдан эса барча ҳудудларда жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.
Товар ва хизматларни ягона миллий таснифлаш тизими
Тақдимотда товар ва хизматларни ягона миллий таснифлаш тизимини ишга тушириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ҳозирда божхона, солиқ, статистика ва бошқа идоралар турли товар классификаторларидан фойдаланмоқда. Бу эса бизнес харажатларининг ортиши, ҳисоботлар аниқлиги пасайиши ва идоралараро маълумот алмашинувида қийинчиликларга сабаб бўлмоқда.
Ягона миллий таснифлаш тизими жорий этилса, тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик жараёнлар қисқаради, давлат идоралари ўртасида маълумот алмашинуви соддалашади, статистик ҳисоботларнинг аниқлиги ошади.

Миллий навигация тизими
Масъуллар миллий навигация тизимини яратиш таклифини ҳам илгари сурди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда мазкур йўналишда асосан хорижий платформалардан фойдаланилаётгани қайд этилди.

















