Жаҳон | 10:18 / 13.11.2025
2992
4 дақиқада ўқилади

Зеленский адлия ва энергетика вазирларини бўшатишни талаб қилди

Украина президенти Володимир Зеленский “Энергоатом” давлат компаниясидаги коррупция можароси фонида адлия вазири ва энергетика вазири — Галушченко ва Гринчукни лавозимдан бўшатишни талаб қилди. Улар аллақачон истеъфо аризаларини топширган.

Фото: Tetiana Dzhafarova/AFP

Украина президенти Володимир Зеленский 12 ноябр куни Telegram-каналида видеомурожаат эълон қилиб, адлия вазири Герман Галушченко ва унинг ўрнига энергетика вазири лавозимини эгаллаган Светлана Гринчук “лавозимларда қололмаслигини” билдирди — бу “Энергоатом”даги коррупция тергови фонида айтилди.

«Бу иш ишонч масаласидир. Агар айбловлар бўлса, уларга жавоб бериш керак. Ваколатдан четлатиш ҳақидаги қарор — тезкор, энг шошилинч чора. Мен Украина бош вазиридан ушбу вазирлардан истеъфо тўғрисида аризалар қабул қилишни сўрадим. Олий Рада депутатларидан эса бу аризаларни қўллаб-қувватлашини илтимос қиламан. Кейин эса барчаси ҳуқуқий майдонда ҳал этилиши лозим», — деди Зеленский.

Зеленский, шунингдек, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК)нинг «Энергоатом» ишида тилга олинаётган икки шахсга нисбатан санкциялар тўғрисидаги қарорини имзолашини маълум қилди. Давлат раҳбари уларнинг исм-шарифларини ошкор қилмади.

Кейинроқ Украина бош вазири Юлия Свириденко ўзининг Telegram-каналида навбатдан ташқари мажлисда ҳукумат МХМК кўриб чиқиши учун Зеленскийнинг сафдоши, “Квартал 95” студияси эгаси Тимур Миндич ва молиячи Александр Цукерманга санкциялар жорий этиш таклифини киритганини ёзди. Иккаласи ҳам «Энергоатом» иши бўйича тинтувлардан сал олдин Украинани тарк этган.

Энергетика вазири Гринчук Зеленский мурожаати эълон қилинганидан тахминан бир соат ўтиб истеъфо берди. «Менинг профессионал фаолиятим доирасида қонунбузарликлар бўлмаган. Бундай фактлар умуман мавжуд бўлиши мумкин эмас. <...> Охир-оқибат, вақт барчасини жойига қўяди», — деб ёзди у Facebook’даги саҳифасида.

Куннинг аввалида вақтинча вазифаларини бажаришдан четлатилган Галушченконинг истеъфоси ҳақида эса Свириденко ўз Telegram-каналида хабар қилди. Унга кўра, вазирлар истеъфо аризаларини тақдим этганидан кейин у «уларни лавозимдан озод этиш ҳақидаги тақдимномани» Олий Радага киритган.

Депутат Ярослав Железняк ва “РБК-Украина” манбасига кўра, масала юзасидан парламентда овоз бериш 18 ноябр куни ўтказилади.

Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси (НАБУ) ва Ихтисослашган антикоррупция прокуратураси (САП) шу ҳафта “Энергоатом” давлат компаниясида йирик коррупция схемаси фош этилганини маълум қилди. 10 ноябр куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Галушченко ва Миндичнинг манзилларида, шунингдек “Энергоатом”нинг ўзида тинтувлар ўтказган.

НАБУ баёнотига кўра, «жиноий ташкилот фаолиятининг асосий йўналиши ‘Энергоатом’ контрагентларидан шартнома қийматининг 10–15 фоизи миқдорида мунтазам ноқонуний даромад олиш бўлган. Хусусан, контрагентларга кўрсатилган хизматлар/етказиб берилган маҳсулот бўйича тўловларни блоклашдан қутулиш ёки етказиб берувчи мақомидан маҳрум этмаслик учун ‘откат’ тўлаш шарти қўйилган».

11 ноябр куни “Энергоатом” кузатув кенгаши навбатдан ташқари мажлис ўтказди, шундан сўнг бош вазир Свириденко ҳукумат компаниянинг кузатув кенгаши ваколатларини муддатидан олдин тугатишга қарор қилганини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид