Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ «Антифа-Шарқ» немис ташкилотини террористик деб эълон қилди
«Антифа-Шарқ» немис бирлашмасига қўшимча равишда Италия ва Грециядан яна учта гуруҳ ҳам АҚШ Давлат департаменти баёнотига кўра террористик ташкилотлар рўйхатига киритилади.
Фото: AP
АҚШ Давлат департаменти 13 ноябр куни Европада фаолият юритаётган тўртта «Антифа» ҳаракатини террористик ташкилотлар рўйхатига киритиш нияти борлигини маълум қилди. Улар орасида немис «Антифа-Шарқ»и (Antifa-OST) ва шунингдек Италия ҳамда Грециядан яна учта гуруҳ бор. Қарор 20 ноябрдан кучга киради.
АҚШ Давлат департаменти баёнотида таъкидланишича, «Антифа-Шарқ» бирлашмаси 2018 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда Германияда «фашист» ёки «ўнг кучлар вакиллари» деб ҳисоблаган шахсларга нисбатан «кўплаб ҳужумлар» амалга оширган. Ҳаракатдан, шунингдек, 2023 йил феврал ойи ўрталарида Будапештда амалга оширилган бир қатор ҳужумлар учун ҳам жавобгар.
АҚШнинг террористик ташкилотлар рўйхатига ҲАМАС, «Ал-Қоида» ва «Ҳизбуллоҳ» каби гуруҳлар киради. Бу ташкилотлар аъзоларига АҚШга кириш тақиқланади, барча активлари музлатиб қўйилади, улар билан ҳар қандай бизнес алоқаси жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Сентябр ойида АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат ичида «Антифа» ҳаракатини террористик ташкилот деб тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу қарор консерватив фаол Чарли Кирк ўлдирилганидан 12 кун ўтгач қабул қилинди.
Июл ойида Германия Федерал прокуратураси Дюсселдорфда «Антифа-Шарқ» гуруҳига мансуб, деб ҳисобланаётган олти нафар шахсга 2023 йил феврал ойида Будапештда ўта ўнг экстремистларга қилинган ҳужумларда иштирок этгани учун айблов қўйди. Уларга жиноий ташкилот аъзоси бўлганлик, тан жароҳати етказиш ва одам ўлдиришга суиқасд айби илгари сурилган.
«Антифа-Шарқ»нинг яна етти нафар иштирокчиси Дрезден Олий суди олдида жавоб бермоқда, уларнинг айримлари ҳам одам ўлдиришга суиқасдда айбланмоқда, деб ёзади dpa агентлиги. Гуруҳнинг яна бир эҳтимолий аъзоси — Майя Т. устидан суд жараёни Будапештда ўтмоқда. У 24 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
«Антифа» (антифашизм сўзининг қисқартмаси) — неонацизм ва ирқчиликка қарши кураш олиб борувчи ҳаракатлар, ташкилотлар ва алоҳида шахслар учун умумий номдир. «Антифа» сиёсий спектрнинг сўл ва ўта сўл қанотига мансуб бўлиб, бутун дунё бўйлаб, энг фаол тарзда эса Европа ва Шимолий Америкада фаолият юритади.
Ўзини шу ҳаракат билан боғлайдиган кўплаб гуруҳлар ўнг экстремизм ва авторитаризмга қарши чиқади ва уларга нисбатан зўравонликка мурожаат қилмасдан курашиш усулларини қўллайди. Шу билан бирга, ўз мақсадларига эришиш учун турли шаклларда бевосита зўравонликкa қўл урадиган қуролли гуруҳлар ҳам мавжуд.