Ўзбекистон | 20:48 / 14.11.2025
2566
2 дақиқада ўқилади

Белгия Тошкентда элчихона очади

Таъкидланишича, Тошкентда элчихонанинг очилиши икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, Белгия ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Фото: Depositphotos

Белгия ўз дипломатик тармоғини кенг кўламли ислоҳ қилиш доирасида Тошкентда янги элчихона очиш режасини эълон қилди. Қарор мамлакатнинг геосиёсий ва иқтисодий аҳамияти тобора ортиб бораётган минтақалардаги иштирокини кучайтириш стратегиясининг бир қисми бўлди. Бу ҳақда Белгия Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнотида айтилади.

Белгия ТИВ маълумотларига кўра, дунё тартиби тез ўзгармоқда: можаролар сони кўпаймоқда, давлатлар ўртасида рақобат кучаймоқда, савдо ва иқтисодий алоқалар ўзгармоқда. Бундай шароитда Белгия ўзининг ташқи сиёсий инфратузилмасини сўнгги 12-15 йил ичидаги энг йирик ислоҳотини ўтказди. Натижада йигирмага яқин дипломатик постларни мустаҳкамлаш, бешта янги ваколатхона очиш ва саккизта амалдаги ваколатхонани ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Марказий Осиё Белгия томонидан муҳим ривожланиш салоҳиятига эга стратегик муҳим минтақа сифатида ажратиб кўрсатилган. Шу муносабат билан Белгия минтақадаги иштирокини кучайтириш ва Ўзбекистонда янги элчихона очиш ниятида.

Таъкидланишича, Тошкентда элчихонанинг очилиши икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, Белгия ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Ташқи сиёсат идорасининг қайд этишича, Тошкент Белгиянинг Евроосиёдаги алоқаларини кенгайтириш доирасида, шу жумладан Транскаспий йўлагининг ривожланиши ва минтақанинг ўсиб бораётган иқтисодий имкониятлари фонида асосий йўналиш ҳисобланади.

Расмийларнинг таъкидлашича, янги ваколатхоналарнинг очилиши харажатларни камайтиришга уриниш билан боғлиқ эмас. Камроқ устуворликка эга бўлган постларни ёпишдан тежалган маблағлар бошқа дипломатик ваколатхоналарни мустаҳкамлашга ва дипломатлар захирасини яратишга йўналтирилади.

Ислоҳот 2026-2027 йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилади. Белгия Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, янгиланган тармоқнинг мақсади мамлакат манфаатларини янада самарали илгари суриш, унинг сиёсий таъсирини кучайтириш ва хориждаги фуқаролар ва ҳамкорлар билан ишлаш сифатини оширишдан иборат.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид