Жаҳон | 10:01 / 14.11.2025
3849
6 дақиқада ўқилади

“Сув танқислиги – Эрон учун ташқи кучлардан ҳам каттароқ таҳдид” — сиёсатшунос

Эрон ташқи таҳдидлардан ҳимояланиш учун ядро қуроли ёки ракеталар яратишга катта эътибор қаратаётган бўлса-да, мамлакатни ичидан емираётган асосий таҳдид бу – сув инқирози. Бу масала ҳал қилинмас экан, ҳар қандай ҳарбий дастур ички барқарорликни таъминлашга қодир бўлмайди, дейди Азизбек Файзуллаев.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Одатда Эроннинг ядро дастури, ҳарбий салоҳияти ва баъзан иқтисодиёти муҳокамалар марказида бўлади, лекин сўнгги йилларда расмий Теҳрон учун энг чуқур ички муаммо – сув танқислиги кун тартибига чиқди. Таҳлилларга кўра, Эрон ерости сув захираларининг 70 фоизини аллақачон ишлатиб бўлган. Бу ҳақда Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунос Азизбек Файзуллаев сўз юритди.

Ядро дастури ва мураккаб ракета қуроллари устида ишлаётган Эрон ҳокимияти сув билан боғлиқ масалани эътибордан қочирганми?

— Эроннинг ҳарбий қудрати, ядро дастурлари ва сўнгги авлод ракеталарини ишлаб чиқаётгани – давлатнинг ўз хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдек кўриниши мумкин. Бироқ бу жараён ортида Эрон дуч келаётган мураккаб ва чуқур ички муаммолар, айниқса сув инқирозига етарлича эътибор берилмаяпти.

Эроннинг собиқ президенти Ҳошимий Рафсанжоний ҳукуматида, 1988–2001 йиллар давомида қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган Исо Каланторий ўз интеврюларида шундай деган эди: “Эрон учун асосий таҳдид – Исроил ёки бошқа ташқи рақиб эмас, балки сув танқислиги”.

Бу фикр ўша вақтда ҳам сигнал бўлиши керак эди, аммо сув масаласига етарли эътибор қаратилмади. Бугун бу ҳолат янада чуқурлашди. Ғарб матбуоти ҳам бу муаммони мунтазам ёритиб келмоқда. Эрон ичида ўтказилаётган норозилик намойишларида ҳам халқнинг талабларидан бири – “Бизга ракета эмас, сув керак”, деган шиор бўлиб қолган. Чунки сув – бирламчи эҳтиёж.

Эрон халқаро санкциялар фонида озиқ-овқат маҳсулотларининг 85 фоизини ички ишлаб чиқариш орқали қоплашга мажбур. Натижада қишлоқ хўжалигига улкан миқдорда сув ажратилади. Бугун мамлакатдаги мавжуд сув захираларининг 90 фоизидан ортиғи қишлоқ хўжалигига сарфланиб, шундан атиги 35 фоизи экинларга етади, қолган қисми эскирган инфратузилма ва йўқотишлар туфайли исроф бўлади.

Трансчегаравий дарёлар масаласи ва қўшнилар билан айрим келишмовчиликлар мавжуд бўлса-да, бу жорий инқироз учун ҳукуматни етарлича оқлай олмайди. 2023 йил сентябр ойида аҳоли орасида ўтказилган сўровномага кўра, сув танқислигининг 80 фоизи ҳукуматнинг нотўғри бошқаруви ва сув тақсимотидаги билимсизлик билан боғлиқ деб топилган. Фақат 4 фоиз аҳоли бу муаммони санкциялар билан боғлайди. Эрон ҳукумати эса кўпинча сув танқислигини ташқи омилларга – Ғарб ёки Исроилга юклаб келади. Айрим расмийлар ҳатто Исроил билан 12 кунлик уруш натижасида “биз сув захираларимиздан айрилдик” деган баёнотлар ҳам берган. Бироқ тарихий маълумотлар сув инқирози узоқ йиллардан бери давом этаётганини кўрсатади.

2012 йилда Эронда 300 та сув тўғони мавжуд бўлган бўлса, 2018 йилда уларнинг сони 600 тага, бугун эса 800 дан ошган. Аммо тўғон қуриш билангина муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Асосий муаммолар – суғориш тизимларининг самарасизлиги ва ерости сувларининг ҳаддан ташқари фаол сўриб олиниши. Эронда 660 мингта расмий, 360 мингта ноқонуний қудуқлар мавжуд. Натижада Эрон ерости сувининг 70 фоизини аллақачон ишлатиб бўлган. Бу жараён тупроқнинг чўкиши ва ерларнинг барқарорликни йўқотишига сабаб бўлмоқда. Теҳроннинг ўзи йилига 25–30 сантиметрга чўкиб бораётгани аниқланган. Имом Ҳумайний номидаги Теҳрон халқаро аэропорти ҳар йили 5 сантиметрга чўкмоқда. 14 та метро бекати доимий назорат талаб қилади. Исфаҳон, Шероз, Машҳад каби йирик шаҳарларда ҳам чўкиш кузатилмоқда.

Ҳатто ёғингарчилик кўпайган тақдирда ҳам чўккан ерларни қайта тиклашнинг имкони йўқ, бу эса барқарор сув таъминотини тиклашни қийинлаштиради.

Сув билан боғлиқ йирик лойиҳалар атрофида коррупцияга ботган давлат компаниялари фаолияти ҳам танқид қилинади. Эронда “Сув мафияси” атамаси бежиз пайдо бўлмаган. Гидротехник иншоотлар лойиҳаларини амалга оширувчи йирик тузилмалар сиёсий элита билан манфаатдош бўлиб қолган (Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси сув тақсимоти ва тўғонлар учун маъсул).

Сув танқислиги ички барқарорликка, этник озчиликлар яшайдиган ҳудудлардаги кескинликнинг кучайишига ҳам олиб келмоқда. Айниқса курдлар, араблар, туркманлар ва гилаклар яшайдиган ҳудудларда сув муаммолари янада оғир. 2021 йилда Хузистонда сув танқислиги сабаб катта норозиликлар кузатилган.

Хулоса қилиб айтганда, Эрон ташқи таҳдидлардан ҳимояланиш учун ядро қуроли ёки ракеталар яратишга катта эътибор қаратаётган бўлса-да, мамлакатни ичидан емираётган асосий таҳдид бу – сув инқирози. Бу масала ҳал қилинмас экан, ҳар қандай ҳарбий дастур ички барқарорликни таъминлашга қодир бўлмайди.

Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид