Эрон ташқи таҳдидлардан ҳимояланиш учун ядро қуроли ёки ракеталар яратишга катта эътибор қаратаётган бўлса-да, мамлакатни ичидан емираётган асосий таҳдид бу – сув инқирози. Бу масала ҳал қилинмас экан, ҳар қандай ҳарбий дастур ички барқарорликни таъминлашга қодир бўлмайди, дейди Азизбек Файзуллаев.

Одатда Эроннинг ядро дастури, ҳарбий салоҳияти ва баъзан иқтисодиёти муҳокамалар марказида бўлади, лекин сўнгги йилларда расмий Теҳрон учун энг чуқур ички муаммо – сув танқислиги кун тартибига чиқди. Таҳлилларга кўра, Эрон ерости сув захираларининг 70 фоизини аллақачон ишлатиб бўлган. Бу ҳақда Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунос Азизбек Файзуллаев сўз юритди.

Ядро дастури ва мураккаб ракета қуроллари устида ишлаётган Эрон ҳокимияти сув билан боғлиқ масалани эътибордан қочирганми?

— Эроннинг ҳарбий қудрати, ядро дастурлари ва сўнгги авлод ракеталарини ишлаб чиқаётгани – давлатнинг ўз хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдек кўриниши мумкин. Бироқ бу жараён ортида Эрон дуч келаётган мураккаб ва чуқур ички муаммолар, айниқса сув инқирозига етарлича эътибор берилмаяпти.

Эроннинг собиқ президенти Ҳошимий Рафсанжоний ҳукуматида, 1988–2001 йиллар давомида қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган Исо Каланторий ўз интеврюларида шундай деган эди: “Эрон учун асосий таҳдид – Исроил ёки бошқа ташқи рақиб эмас, балки сув танқислиги”.

Бу фикр ўша вақтда ҳам сигнал бўлиши керак эди, аммо сув масаласига етарли эътибор қаратилмади. Бугун бу ҳолат янада чуқурлашди. Ғарб матбуоти ҳам бу муаммони мунтазам ёритиб келмоқда. Эрон ичида ўтказилаётган норозилик намойишларида ҳам халқнинг талабларидан бири – “Бизга ракета эмас, сув керак”, деган шиор бўлиб қолган. Чунки сув – бирламчи эҳтиёж.

Эрон халқаро санкциялар фонида озиқ-овқат маҳсулотларининг 85 фоизини ички ишлаб чиқариш орқали қоплашга мажбур. Натижада қишлоқ хўжалигига улкан миқдорда сув ажратилади. Бугун мамлакатдаги мавжуд сув захираларининг 90 фоизидан ортиғи қишлоқ хўжалигига сарфланиб, шундан атиги 35 фоизи экинларга етади, қолган қисми эскирган инфратузилма ва йўқотишлар туфайли исроф бўлади.

Трансчегаравий дарёлар масаласи ва қўшнилар билан айрим келишмовчиликлар мавжуд бўлса-да, бу жорий инқироз учун ҳукуматни етарлича оқлай олмайди. 2023 йил сентябр ойида аҳоли орасида ўтказилган сўровномага кўра, сув танқислигининг 80 фоизи ҳукуматнинг нотўғри бошқаруви ва сув тақсимотидаги билимсизлик билан боғлиқ деб топилган. Фақат 4 фоиз аҳоли бу муаммони санкциялар билан боғлайди. Эрон ҳукумати эса кўпинча сув танқислигини ташқи омилларга – Ғарб ёки Исроилга юклаб келади. Айрим расмийлар ҳатто Исроил билан 12 кунлик уруш натижасида “биз сув захираларимиздан айрилдик” деган баёнотлар ҳам берган. Бироқ тарихий маълумотлар сув инқирози узоқ йиллардан бери давом этаётганини кўрсатади.