Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сирдарёда шифохонада рашк туфайли жанжал чиқарган шахс 15 суткага қамалди
Гулистон шаҳрида яшовчи эркак овқатдан заҳарланиш ташхиси билан Сирдарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган турмуш ўртоғини кўрикдан ўтказган шифокор билан жанжаллашган. Суд уни майда безорилик ва тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳуқуқбузарлигини содир этган деб топди.
Сирдарёда шифокор билан жанжаллашган эркак маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Сирдарё вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий ахборот берди.
Маълум қилинишича, жорий йил 9 ноябр куни соат 00:25 да Мирзаобод туман ИИБга “102” хизмати орқали туман ҳудудида жойлашган Сирдарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасида кўрикка келган беморнинг яқинлари жанжал қилаётгани ҳақидаги хабар келиб тушган. Мирзаобод тумани ИИБ профилактика инспекторлари воқеа жойига борган. Бемор Д.Х.ни турмуш ўртоғи С.Х. ва ўғли А.Х. шифохонага олиб келгани, навбатчи шифокор Р.Б. уни кўрикдан ўтказиш жараёнида рашк оқибатида турмуш ўртоғи билан ўзаро жанжал юзага келгани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширувлар давомида шифокор Р.Б. суд тиббий экспертизасидан ўтказилган. Унда тан жароҳати аниқланмаган.
Тўпланган ҳужжатлар ЖИБ Мирзаобод туман судида кўриб чиқилган. Суд қарори билан С.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (майда безорилик) ҳамда 197-7-моддасида (тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган. Унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Аввалроқ воқеа гувоҳлари шифокор бемор аёлнинг ўғли томонидан калтакланганини, унинг турмуш ўртоғи эса ўлдириб юбориш билан таҳдид қилганини айтганди.