Жаҳон | 09:35 / 17.11.2025
10597
3 дақиқада ўқилади

Экспертлар: Россия Украина ҳудудини эгаллаш суръатини икки баравар оширди

Тўлиқ бир ҳафтага етмайдиган муддат ичида Россия Украина ҳудудининг 134 квадрат километр майдонини эгаллади — бу октябр ойига нисбатан икки баравардан кўпроқ, деб хабар берди Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳаси.

Фото: Дмитрий Ягодкин / ТАСС

Украинада ноябр ойи мамлакат учун йиллик энг юқори ҳудудий йўқотишлар ойига айланиши мумкин, шунингдек, Днипро ва Запорижжя каби йирик шаҳарлар яқинида Россия армиясининг ҳужуми "1–2 йил, ҳатто бир неча ой ичида реал масалага айланиши эҳтимоли бор". Бундай прогнозни Bild немис таблоиди ҳарбий шарҳловчиси Юлиан Рёпке 16 ноябр куни билдирди.

Рёпкенинг баҳолашича, агар Украина ҳукумати ёки ғарб ҳамкорлари ўз стратегик позициясини ўзгартирмаса, Россия аста-секин Украинага қарши урушда ғалаба қозонади. Немис экспертининг таъкидлашича, "ғарбдан етказиб берилаётган зирҳли техника Россиянинг оптик толали тизимлар соҳасида ўсиб бораётган устунлиги фонида самара бермаяпти".

Шу билан бирга, дезертирлик ва украиналик ҳарбийларнинг хизматда вақтинча йўқлиги кўп ҳолларда Украина қуролли кучларининг бутунбошли бригадалари фақат қоғозда мавжуд бўлиб қолишига олиб келмоқда, дея таъкидлайди Юлиан Рёпке. "Ҳар ой сафарбар қилинадиган 17 минг одам амалда қаерга жойлаштирилаётгани номаълум", — деб эслатади у.

Украина ҳудудларини Россия қўшинлари томонидан эгаллаш суръатлари ошгани ҳақида "Агентство. Новости" Telegram-канали ҳам ёзмоқда. Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳасига таянган муаллифлар 16 ноябр куни маълум қилишича, бир ҳафта вақт ичида Россия Федерацияси қуролли кучлари Украинада 134 квадрат километр ҳудудни эгаллаган — бу октябр ойидаги кўрсаткичдан икки баравар кўп.

"Жанубий фронтда, унга Запорижжя, Херсон ва Днипропетровск вилоятлари киради, душанба кунидан жума кунигача (10 ноябрдан 14 ноябргача — таҳр.) Россия ҳарбийлари назоратига 72 кв. км ҳудуд ўтди. 42 кв. км майдонда Россия армияси Покровск атрофида, 19 кв. км майдонда эса Харкив вилояти шарқида илгарилашга эришди", — дейилади постда.

АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) баҳолашича, жанг майдонидаги вазиятни шакллантиришда, хусусан Россия қуролли кучларининг Покровск йўналишидаги илгарилаши нуқтаи назаридан, Россиянинг Украина қуролли кучлари логистикасини фронт ортига яқин ҳудудларда дронлар ёрдамида йўқ қилишга қаратилган кўп ойлик кампанияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

РФ ҚКнинг бутун фронт бўйлаб, айниқса Покровск ва Гуляйполе йўналишларидаги муваффақиятига ҳаво шароити — туман ва ёмғирлар ҳам ёрдам берган. Бу ҳақда ISW’нинг 15 ноябр кунги ҳисоботида қайд этилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид