Жаҳон | 14:21 / 17.11.2025
1583
3 дақиқада ўқилади

Греция Украинага АҚШдан суюлтирилган газ етказиб беради

Греция ва Украина энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувни имзолади. Шартноманинг асосий банди — АҚШ суюлтирилган табиий гази (СТГ)ни Грециядан Украинага мавжуд қувурлар орқали етказиб бериш бўлиб, бу қишдаёқ бошланади.

Фото: Angelos Tzortzinis/AFP

Украина ва Греция энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди. Бу ҳамкорликнинг марказий элементи вертикал газ коридори бўлади, унга кўра АҚШ суюлтирилган табиий гази (СТГ) грек портларидан Жануби-Шарқий Европа давлатларига, у ердан эса Украинага етказиб берилади. Грециянинг DEPA газ компанияси ва Украина "Нафтогаз"и ўртасидаги тегишли келишув 16 ноябр куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Грецияга ташрифи чоғида имзоланди.

Ҳукумат вакилининг Афинада билдиришича, СТГ етказиб бериш декабрдаёқ бошланиб, март ойигача давом этади. Яқин йилларда ҳам етказиб беришни давом эттириш режалаштирилган. "Биз украин халқини қўллаб-қувватлаймиз", — деди Греция бош вазири Кириакос Мицотакис Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида.

Украина президентининг сўзларига кўра, газ етказиб бериш аллақачон мавжуд бўлган қувурлар орқали амалга оширилади. У Россия Украина газ омборларини йўқ қилаётганини эслатиб, Грецияга, шунингдек газ коридорини кенгайтиришни қўллаб-қувватлагани учун АҚШ президенти Доналд Трампга миннатдорчилик билдирди.

Зеленский Афинага ташрифидан олдин, Греция билан тузилган битим "Украина учун қиш даврида газ импорт қилиш йўлларининг хавфсизлигини максимал даражада таъминлаши" кераклигини айтган эди. "Бизда газ импорт қилишни молиялаштириш бўйича келишувлар мавжуд ва Россия зарбалари туфайли Украина газ қазиб олишдаги йўқотишларни қоплаш учун газ импортини қарийб 2 миллиард евро миқдорида молиялаштириш эҳтиёжини қоплаймиз", — дея таъкидлади у. Қиш мавсуми учун Украинага газ хариди молиялашувида Украина банклари ва Норвегия ҳам иштирок этди.

Сўнгги ойларда Россия Украинадаги энергетика инфратузилмаси объектларига тобора кўпроқ зарбалар йўналтирмоқда. Россия ҳужумлари Украина газ қазиб олиш қувватларининг тахминан 60 фоизини йўқ қилди. Bloomberg баҳосича, қишки мавсумда мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш учун Киевга ёнилғи импорт қилишга 1,9 миллиард евро сарфлашга тўғри келади.

Грециядан сўнг Зеленскийнинг Франция ва Испанияга ташрифлари режалаштирилган. Учала мамлакатдаги музокараларнинг асосий мавзулари — Украинани Россиядан ҳарбий жиҳатдан ҳимоя қилиш, қўшимча қурол етказиб бериш ва Украинага энергия ресурслари тақдим этиш масалаларидир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид