Жаҳон | 09:50 / 17.11.2025
3212
4 дақиқада ўқилади

Орбан: Россиянинг ЕИ ва НАТОга ҳужум қилишига доир қўрқувлар кулгили

Россиянинг Европа Иттифоқи ёки НАТОга ҳужум қилиши мумкинлигидан қўрқиш кулгили, чунки у аҳоли сонида ҳам, ҳарбий салоҳиятда ҳам улардан ортда қолади, деб баёнот берди Венгрия бош вазири Виктор Орбан.

Фото: EPA/ AARON SCHWARTZ / POOL

Россиянинг Европа Иттифоқи ва НАТОга эҳтимолий ҳужумига доир қўрқувлар кулгили, деб таъкидлади Венгрия бош вазири Виктор Орбан. "Барчага айтаманки, Россия ЕИ ёки НАТОга ҳужум қилади, деган фикрни кулгили деб ҳисоблайман — у етарлича кучли эмас. Биз улардан анча кучлироқмиз", — деди Венгрия ҳукумати раҳбари 15 ноябр куни эълон қилинган, Axel Springer немис медиатрансмиллий корпорацияси раҳбари Матиас Дёпфнернинг MD meets подкастида.

Орбаннинг эслашича, ЕИ аҳолиси сони 400 миллион нафардан ошиб кетади, Россияда эса бу кўрсаткич тахминан 140 миллион атрофида. Шунингдек, ЕИ таркибидаги 27 та давлатнинг умумий ҳарбий салоҳияти ҳам Россияникидан устун, дея таъкидлади у. "Уч йилдан ортиқ вақтдирки, россияликлар Украина ҳудудини тўлиқ эгаллай олмаяпти. Қандай қилиб биз, Европада, ўзимизни Россиядан заиф, деб иддао қила оламиз?" — деб риторик савол берди Венгрия бош вазири.

Шу билан бирга, Европа сиёсатчилари ва экспертлари Россия президенти Владимир Путинга нисбатан ортиқча илиқ муносабатда айблаб келаётган Виктор Орбан РФнинг Украинадаги ҳарбий мағлубияти эҳтимолий салбий оқибатларидан огоҳлантирди: "Агар ядровий давлат ядровий қурол қўлламасдан олиб борилаётган урушда ютқазса, мен мутлақо ишончим комилки (…), бундай ҳолатда ядровий қурол қўллаш хавфи юзага келади".

Бундан ташқари, Орбан Германия федерал канцлери Фридрих Мерцни ҳам танқид қилди: "Мен Германия канцлерига, агар қодир бўлсам, (Россиянинг Украинага қарши урушида — таҳр.) тинчлик ўрнатишда ёрдам беришга тайёрман, аммо у — уруш томонида". Унинг таъкидлашича, худди шу ҳолат бутун ЕИга ҳам тааллуқли. Шу муносабат билан, вақт "Европа Иттифоқидан кўра россияликлар томонида ишлаяпти", деб ҳисоблайди Орбан.

MD meets подкасти давомида Венгрия бош вазири Германия собиқ канцлери Ангела Меркельнинг Россияга нисбатан олиб борган сиёсати ҳақида илиқ фикр билдирди. "ЕИ Кенгашининг мажлисларида баъзида фақат у ва мен тинчлик ва ҳамкорлик учун чиқиш қилардик", — деди у.

Шу билан бирга, Орбан миграция ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида унинг позицияси доимо Меркел позициясидан фарқ қилганини қўшимча қилди. "Баъзан у ҳатто менга бақирарди. Бу ёқимсиз эди, ҳатто хотинимдан ҳам кўпроқ", — дея қайд этди Венгрия бош вазири.

Журналист Павел Зарубиннинг жорий йил май ойида Россияда намойиш этилган "Москва. Кремль. Путин. 25 лет" филмидаги суҳбатда Владимир Путин Россиянинг Украинага қарши урушида Россия қуролли кучлари учун ядровий қурол қўллаш "зарур бўлмаганини" айтган эди. "Бизни провокация қилишди, хатога йўл қўйишимизни исташди. Лекин сиз ҳозир тилга олган (ядровий — таҳр.) қуролни қўллашга эҳтиёж бўлмади, умид қиламанки, керак ҳам бўлмайди", — деди Путин.

Россиянинг Украинага қарши тўлиқ миқёсли ҳарбий тажовузи бошланганидан бери Путин бир неча бор ядровий қурол қўллашни "хавфсизликни таъминлашнинг энг охирги чораси" деб атади. Шу билан бирга, унинг атрофидаги айрим шахслар, хусусан Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев томонидан ядровий қурол қўллаш ҳақида деярли очиқ таҳдидлар бир неча бор янграган.

2024 йил ноябрида Россия президенти мамлакатнинг янгиланган ядровий доктринасига имзо чекди. Ундаги асосий ўзгаришлар шундан иборатки, ҳар қандай ядровий қуроли бўлмаган давлатнинг, аммо ядровий давлат иштирокида ёки унинг қўллаб-қувватлаши билан Россияга қарши тажовузи РФга нисбатан уларнинг қўшма ҳужуми сифатида баҳоланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид