Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти 10 йилда қарийб 10 баробарга ошди
Покистоннинг оммабоп Islamabad Post нашрида чоп этилган таҳлилий мақолада Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо ҳажми сўнгги ўн йилликда изчил ўсиб, 2024 йилда Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти 431 миллион долларга етгани, бу 2014 йилга нисбатан қарийб 10 баробар кўп экани ҳамда экспорт таркиби юқори қийматли бозорлар томон диверсификация қилинаётгани қайд этилган.
Фото: “Дунё” АА
Покистоннинг оммабоп Islamabad Post нашрида “Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо ҳамкорлиги: фаол ўсиш тенденциялари” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистоннинг АҚШ билан савдо алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. 2024 йилда Ўзбекистон АҚШга 431 миллион АҚШ доллари миқдорида товар ва хизматлар экспорт қилган. Бу кўрсаткич 2014 йилдаги 42,4 миллион долларга нисбатан қарийб 10 бараварга юқори.
Қайд этилишича, Ўзбекистон экспортида АҚШнинг улуши 2014 йилдаги 0,3 фоиздан 2024 йилда 1,6 фоизга етган. Бу тенденция мамлакат экспортини юқори қийматли бозорлар томон диверсификация қилиш жараёни кучайганини кўрсатади.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг АҚШга умумий экспортида хизматлар соҳаси етакчи ўринни эгаллаб, 2024 йилда 274 миллион доллар (63,6 фоиз)ни ташкил этган. Бироқ, сўнгги йилларда товар экспорти таркибида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда.
Хусусан, минерал ёқилғилар ва нефт маҳсулотлари экспорти 2020 йилдаги 287 минг доллардан 2024 йилда 117 миллион долларга етган. Муаллифга кўра, бу маҳсулотлар хизматлардан кейинги энг йирик экспорт гуруҳига айланиб, АҚШ бозорида Ўзбекистонда қайта ишланган энергия маҳсулотларига талаб ошганини англатади.
Шунингдек, анъанавий йўналишлардан ташқари янги маҳсулот турлари экспорти ҳам йўлга қўйилмоқда. Жумладан:
алюмин ва ундан тайёрланган маҳсулотлар экспорти 2020 йилда деярли бўлмаган бўлса, 2024 йилда 11,4 миллион долларга етган;
самолёт ва космик техника эҳтиёт қисмлари экспорти 10,6 миллион долларгача ошган;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан сабзавотлар, қаҳва, чой ва зираворлар экспорти 3,5 миллион доллардан ошган.
Муаллиф умумий хулоса қилиб, Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти босқичма-босқич хомашёдан саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига йўналиб бораётганини, бироқ ҳозирча хизматлар экспортининг устуворлиги сақланаётганини қайд этган.
Мақолага кўра, 2024 йилда Ўзбекистоннинг АҚШдан импорти 594 миллион долларни ёки жами импортнинг 1,5 фоизини ташкил этган. Импорт ҳажми экспортдан юқори бўлса-да, тафовут аста-секин қисқараётгани, бу esa хизматлар, минерал ёқилғилар, алюмин ва авиация компонентлари экспорти ўсиши билан боғлиқ экани таъкидланган.
Islamabad Post таҳлилида қайд этилишича, АҚШ Ўзбекистон учун нафақат юқори қийматли товарлар, балки саноатни модернизация қилиш учун зарур технологик билим ва капитал манбаи бўлиб қолмоқда. Келгуси истиқболлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар – қайта ишлаш саноатини кенгайтириш, рақамли хизматларни ривожлантириш ва қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш билан бевосита боғлиқдир.
Нашрда, шунингдек, Ўзбекистоннинг глобал савдо тизимига интеграциялашувидаги институционал силжишларга ҳам тўхталиб ўтилади. 2024 йил декабр ойида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида товарлар ва хизматлар бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани эълон қилингани эслатиб ўтилади.
Мақолада шундай хулоса келтирилади: “АҚШ билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли диверсификация кун тартибида муҳим стратегик мақсад бўлиб қолмоқда. Экспорт салоҳияти яхшиланиши ва АҚШнинг янги тариф режими шароитида мамлакат минтақа миқёсида ишлаб чиқариш ва қайта экспорт қилиш учун рақобатбардош, тарифсиз нейтрал марказ сифатида шаклланиш имкониятига эга. Бунга эришиш учун барқарор институционал мувофиқлаштириш, такомиллаштирилган логистика ва сертификатлаш тизимлари, шунингдек, минтақавий ва глобал савдо шерикликларида фаол иштирок зарур”.