Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия компаниялари Ўзбекистондан ишчи кучига қизиқиш билдирмоқда
Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси Россиянинг йирик компаниялари билан фуқароларни ишга жойлаштириш ҳамда ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш масалалари юзасидан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда ушбу шаҳардаги Миграция агентлиги ваколатхонаси ташаббуси билан маҳаллий компания вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Дастлаб, Россия Федерацияси ҳудудида нефт-газ, электр энергияси, саноат ва қурилиш йўналишларида 90 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошираётган “Евракор” АЖ вакили Олга Севец билан суҳбат бўлиб ўтди. Учрашувда ўзбекистонлик фуқароларни компанияда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида “Евракор” АЖдаги иш жараёнлари, яратилган меҳнат ва яшаш шароитлари, ойлик маошлар, хорижий фуқаролар учун турар жой билан таъминлаш тартиби, шунингдек, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун зарур ҳужжатлар тўплами ҳақида маълумот берилди.
Олга Севец таъкидлашича, иш берувчи билан шартнома имзоланган тақдирда ишчилар бепул турар жой ва озиқ-овқат, шунингдек, кафолатланган ойлик маош билан таъминланади. Шу билан бирга, ишчи кучини танлаш ва жалб қилиш, патент расмийлаштириш, ходимларни иш жойига етказиб бериш каби масалалар бўйича ҳам аниқ таклифлар билдирилди.
Шунингдек, Тюмен шаҳрида салат ва руккола қайта ишлашга ихтисослашган “Прованс” МЧЖ директори Татяна Овсянкина билан ҳам учрашув ўтказилди. Томонлар фуқароларни ушбу корхонада ишга жойлаштириш, шунингдек, Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашувда қайд этилишича, компания ҳозирда Ўзбекистонда етиштирилаётган руккола ва айсберг салатини импорт қилмоқда. Маҳаллий бозорда ушбу маҳсулотларга талаб юқори экани сабабли, “Прованс” МЧЖ ойига 200 тонна айсберг ва 40 тонна руккола харид қилишни режалаштирмоқда. Шундан келиб чиқиб, компания раҳбари ўзбек фермерлари ва экспортчи корхоналар билан тўғридан тўғри ҳамкорлик ўрнатишда амалий ёрдам сўради.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон томони хорижга ишчи кучини юбориш бўйича республиканинг ҳар бир ҳудудида замонавий моно-марказлар фаолият юритаётганини маълум қилди. Ушбу марказлар орқали иш берувчилар билан тўғридан тўғри ишлаш, кадрлар танлови ва ўқитиш жараёнларини самарали ташкил этиш мумкинлиги таъкидланди.
Учрашувлар якунида томонлар бўш иш ўринлари, меҳнат ва яшаш шароитлари, ҳужжатларни расмийлаштиришдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш юзасидан икки томонлама амалий тадбирларни келишиб олди.