Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп яна Россиянинг савдо ҳамкорларига санкциялар билан таҳдид қилди
АҚШ Конгрессида Россия билан савдо қилаётган давлатларга қарши санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда, деб маълум қилди АҚШ президенти Доналд Трамп.
Фото: Andrew Harnik/Getty Images
АҚШ Республикачилар партияси аъзолари Украинага қарши Россиянинг тўлиқ миқёсли ҳужуми давом этаётган бир пайтда у билан бизнес алоқаларини сақлаб қолаётган исталган давлатга нисбатан санкция жорий этиш имконини берувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда 16 ноябр куни Флоридада президент самолёти яқинида ОАВ билан суҳбат чоғида АҚШ президенти Доналд Трамп маълум қилди.
Суҳбат давомида журналистлардан бири ундан АҚШ Конгресси Украинадаги урушига чек қўйиш мақсадида Россия ва Россия президенти Владимир Путинга босимни кучайтириш йўлида "ҳаракатни фаоллаштириш вақти келмадими" деган саволни берди. "Эшитишимча, улар бу борада ишлаяпти ва бу менга маъқул. Республикачилар жуда кучли қонун лойиҳасини илгари сурмоқда, у Россия билан ишларини давом эттираётган ҳар қандай давлатга нисбатан у ёки бу турдаги санкцияларни жорий этишни назарда тутади", — дея жавоб берди Трамп.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, бундай давлатлар рўйхатига Эрон ҳам киритилиши мумкин.
Апрел ойида сенаторлар Линдси Грэм ва Ричард Блюментал Россиядан нефт, газ, уран ва бошқа товарларни сотиб олиб, шу билан бирга Украинага Россия ҳужумига қарши курашда ёрдам кўрсатмаётган давлатларга нисбатан 500 фоизгача миқдорда бож тўловларини жорий этишга чақирган эди.
"Ҳозир Ҳиндистон ва Хитой Путин нефтининг 70 фоизини сотиб оляпти, шу орқали унинг ҳарбий машинаси ишлаб турибди. Менинг қонун лойиҳамни 84 нафар сенатор қўллаб-қувватлаяпти. У президентга Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатларга нисбатан шундай санкцияларни жорий этиш имконини беради, шу йўл билан уларни Путиннинг ҳарбий машинасини молиялаштиришни тўхтатишга ва музокаралар столига ўтиришга мажбурлаш мумкин", — деб тушунтирган эди ўз ташаббуси мазмун-моҳиятини Грэм.
Грэм июн ойи охирида АҚШ президенти унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаётганини айтганди. Бироқ орадан кўп ўтмай, Трамп 500 фоизлик божлар жорий этиш ғоясини "бироз маъносиз" деб атади, чунки бундай усул "маълум бир чегарадан кейин қийматини йўқотади". "100 фоизлик бож ҳам худди шу вазифани бажара олади", — деган эди АҚШ президенти июл ойида Оқ уйда НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашув чоғида.
Июл ойи охирида АҚШ Россия нефтини сотиб олишни давом эттираётгани сабабли Ҳиндистондан келаётган товарларга нисбатан бож тўловларини 25 фоизга ошириш ҳақида қарор қабул қилди.