Жаҳон | 21:47 / 18.11.2025
14433
3 дақиқада ўқилади

Дунёда сайёҳлар учун энг ардоқли бўлган мамлакат маълум қилинди

2025 йилда «Энг ардоқли мамлакат» унвони Японияга насиб этди. Таъкидланишича, у ерда деярли ҳар қандай таътилни хоҳлаганча ўтказиш мумкин.

Фото: Canva

Wanderlust томонидан дунёнинг энг ардоқли мамлакатлари рўйхати 200 мингдан ортиқ саёҳат ихлосмандларини ўз ичига олган Readers’ Choice Awards (RCA) мукофотининг бир қисмидир. Бу ҳақда Time Out ёзди.

Қайд этилишича, ушбу мукофот бутун дунё бўйлаб энг яхши «йўналишлар, туроператорлар ва туристик брендлар»га берилади.

Бу йил «Энг ардоқли мамлакат» унвони Японияга насиб этди. Бу мамлакат сўнгги марта 10 йилдан ортиқ вақт олдин шу тариқа эътироф қилинган эди.

Таъкидланишича, Японияда деярли ҳар қандай таътилни хоҳлаганча ўтказиш мумкин. У ерда пляжлар, тоғлар, кўп асрлик тарих ва маданият, шунингдек, жаҳон даражасидаги тематик боғлар ва дунёдаги энг катта шаҳар мавжуд. Ҳар хил одамлар саёҳат қилиши ҳисобга олинса, у шунчалик кўп овоз олгани ажабланарли эмас.

Wanderlust маълумотларига кўра, Токио ва Киото каби шаҳарлар машҳур бўлиб қолса-да, «сайёҳлар энди Шикоку қирғоқларига саёҳат қилишади, Каназава усталарини зиёрат қилишади». Сайёҳлар ҳатто Япониянинг «мамлакат руҳи энг ёрқин ҳис қилинадиган» айрим чекка оролларини ўрганмоқда.

Time Out маълумотларига кўра, Японияда дунёдаги энг ажабланарли ҳудуд ҳам бор: рўйхатда Токионинг китоблар квартали - Дзимботё етакчилик қилмоқда. Маҳаллий эксперт Сёт Нагоа уни «Токио зиёлилари авлодларининг севимли сайр жойи» деб атади. Токио ҳам 2025 йилда дунёнинг энг яхши шаҳарлари рўйхатидан жой олди.

Машҳурлик бўйича иккинчи мамлакат Коста-Рика бўлди. Марказий Американинг бу мамлакати ҳайратланарли ва ёввойи табиатга бой. Сайёҳлик бўлими муҳаррири Грейс Бирд «дунёдаги энг буюк эко-саргузаштлардан бири» деб атайдиган Оса яримороли, Time Out версиясига кўра, сайёрадаги энг кам баҳоланган жой ҳам шу ерда жойлашган. Учинчи ўринни ўзининг табиий гўзаллиги билан ҳам машҳур бўлган Канада эгаллади.

Ер юзидаги энг ардоқли мамлакатлар қайси? Wanderlust ўқувчилари фикрича, сайёрамиздаги энг кўп саёҳат қилиш мумкин бўлган ўнта жой: Япония, Коста-Рика, Канада, Австралия, Перу, Жанубий Африка, АҚШ, Янги Зеландия, Бразилия, Эквадор.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид