Жаҳон | 10:49 / 19.11.2025
1448
3 дақиқада ўқилади

Иқлим рейтингида йирик саноат давлатларининг позицияси пасаймоқда

Германия ва қатор йирик саноат давлатлари янги "Иқлимни ҳимоя қилиш индекси – 2026"да ўз ўрнини пасайтирди. Ҳисоботга кўра, айниқса газдан катта миқдорда фойдаланиш ва транспорт ҳамда қурилиш соҳаларида ташламаларни камайтириш бўйича етарли чоралар кўрилмаётгани уларнинг позициясига салбий таъсир қилган.

Фото: picture-alliance/Geisler-Fotopress/C. Hardt

18 ноябр куни эълон қилинган индексга мувофиқ, Германия 64 давлат орасида 22-ўринга тушди, яъни ўтган йилга нисбатан олти поғона пастлади. Ҳисобот Бразилиянинг Белен шаҳрида ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгаришига бағишланган COP30 анжумани доирасида тақдим этилди.

Индекс Germanwatch ва Climate Action Network нодавлат ташкилотлари ҳамда NewClimate Institute тадқиқот маркази томонидан тайёрланган. Унда дунёда карбон ташламаларини энг кўп ишлаб чиқарувчи 63 давлат ва Евроиттифоқнинг ўзи алоҳида субъект сифатида баҳоланган. Ушбу мамлакатлар жаҳондаги зарарли чиқиндиларнинг 90 фоиздан кўпроғи учун жавобгар ҳисобланади.

Баҳолаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилган: парник газлар ташламалари, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, умумий энергия истеъмоли, миллий ва халқаро иқлим сиёсати.

Йирик саноат мамлакати бўлишига қарамай, Германия иқлим ҳимояси бўйича саъй-ҳаракатларда ЕИнинг камида 10 давлати – жумладан Дания, Нидерландия ва Франция ортида қолди.

Germanwatch вакили Ян Буркнинг таъкидлашича, aйниқса Германиянинг иқлим сиёсати бўйича рейтинги пасайгани ташвишли: умумий "иқлим сиёсати" бўйича баҳоси "ўртача", "миллий иқлим сиёсати" бўйича эса ҳатто "ёмон" деб баҳоланган.

У буни газ истеъмолининг юқори даражада қолaётгани ва транспорт ҳамда қурилиш тармоқларида ташламаларни камайтириш бўйича самарали чоралар кўрилмаётгани билан изоҳлади.

COP30 олдидан Евроиттифоқ мамлакатлари атроф-муҳит бўйича вазирлари 2040 йилгача бўлган янги иқлим мақсадларини келишиб олди. Унга кўра 2040 йилга бориб СО₂ ташламаларини 1990 йил даражасига нисбатан 90 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, халқаро бозорда сотиладиган углерод бирликларини харид қилиш орқали ушбу мақсаднинг 5 фоизигача бўлган қисмини бошқа мамлакатларда амалга оширилган қисқартиришлар ҳисобидан "ёпиш" мумкин бўлади.

Бу, амалда, ЕИдаги йирик саноат корхоналари учун ҳақиқий мажбурий қисқартиришни 85 фоиз атрофида қолдириши ва "Европа номидан" бошқа давлатларга тўлов эвазига ташламаларни камайтириш имконини бериши таъкидланмоқда.

Шу тарзда, иқлимни ҳимоя қилиш бўйича глобал рақобат шароитида айрим йирик саноат иқтисодиётлари, жумладан Европа мамлакатлари, ўз сиёсатини янада қатъий ислоҳ қилиш зарурати билан юзма-юз қолмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид