Жамият | 20:01 / 19.11.2025
5989
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда наркосавдогар оила аъзолари қўлга олинди

49 ёшли аёл ва унинг 26 ёшли ўғли тожикистонлик танишлари томонидан Тошкент вилоятининг Пискент тумани ҳудудидаги хуфия жойда қолдирилган қарийб 5 кг гашишни олишга бораётганда ушланган. Уларнинг Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги яшаш уйидан ҳам кўп миқдорда опий ва гашиш топилган. Ушбу оила Тожикистондан гиёҳванд моддаларни контрабанда қилиб, пойтахтда сотиб келган.

Фото: ДХХ

Тошкентда наркотик моддалар савдоси билан шуғулланиб келган аёл ва унинг икки ўғли қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Божхона бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Тожикистондан гиёҳванд моддаларни контрабанда қилиб, Тошкент шаҳрида сотиш билан шуғулланиб келган оила аъзолари ушланган.

Хусусан, Тошкент вилоятида “Оҳангарон – Пискент” йўналишида ҳаракатланаётган, олдиндан кузатувга олинган Equinox машинаси текшириш мақсадида тўхтатилган. Натижада, машинада бўлган Тошкент шаҳрида яшовчи 49 ёшли аёл ва унинг 26 ёшли ўғли тожикистонлик танишлари томонидан контрабанда йўли билан Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойда қолдирилган гиёҳванд воситасини олишга кетаётгани маълум бўлган.

Уларнинг уяли алоқа воситалари текширилганида, тожикистонлик шахс томонидан Telegram орқали наркотик модданинг геолокацияси ва фотосуратлари юборилгани аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилган: Пискент тумани ҳудудидаги йўл четига яшириб кетилган 4 кг 985 гр гашиш моддаси ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, уларнинг Олмазор туманидаги яшаш хонадонидан 1 кг 124 гр опий ва 1 кг 976 гр гашиш моддалари топилган. Бундан ташқари, аёлнинг 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган ўғли ҳам процессуал тартибда ушланган.

Аёл ва икки ўғлига нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сирдарёда эр-хотин ташкил қилган нарколаборатория фош этилганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид