Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вақтингиз неча пул туради?
Айтайлик, сиз уйингизни тартибга келтирмоқчисиз. Бу – уйни тозалаш, боғ ишлари ёки мебелларни кўчириш ишлари бўлиши мумкин. Шу каби ишларда ўзингиз ишга енг шимарасизми ёки ёлланма ишчи хизматидан фойдаланасизми?
Сиз ўзи тозалик ишларини қанчалик ёқтирасиз? Ишчилар ишлаётганда нима билан банд бўласиз? Сизнинг яқин кунлардаги молиявий режаларингиз қандай? Ўзи уйни сарамжонлашда қўшимча “қўллар” шартми?
Жуда кўп ҳолатларни ҳисобга олиб, бу саволга аниқ жавоб бериш бироз мушкул. Шунинг учун саволни соддалаштириб кўрамиз: бир соатлик иш ҳақингиз миқдорини соатбай иш бозоридаги бир соатлик “ставка” билан солиштирсак-чи? Агар сизнинг соатлик тарифингиз мардикорникидан юқори бўлса, уни ишга жалб қилиш иқтисодий жиҳатдан тўғри бўлиши мумкин. Албатта, бу жуда содда солиштирув, лекин бизнинг қуйидаги кичик таҳлилимиз учун тўғри келади.
1 соатлик меҳнат қийматингиз қанча туради?
Иқтисодиётда “вақтнинг қиймати” – инсоннинг бир бирлик вақт давомида яратадиган қиймати ёки йўқотадиган имконияти ҳисобланади. Агар сиз фрилансер сифатида мақолалар ёзсангиз, логотиплар тайёрласангиз ёки веб-сайтларни лойиҳалаштирсангиз, ҳар бир тайёр маҳсулот учун сизга маълум бир сумма тўланади. Ҳар бир иш учун ўртача вақт сарфидан келиб чиқиб, меҳнатингизнинг бир соати қанча туришини осон ҳисоблашингиз мумкин. Мураккаб бўлмаган сайт тайёрлаш учун тахминан 20 соат вақт сарфланганда ва 6 млн иш ҳақи белгиланганда:
Дейлик, сизда мижозларнинг оқими яхши ва ҳар доим қўшимча иш билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Агар сиз кўпроқ даромад олишни истасангиз, яна иккита лойиҳани қабул қилишингиз мумкин. Энди сиз кунига одатдаги 6 соат ўрнига 8 соат ишлайсиз. Ҳар куни ишлашга қанча кўп вақт сарфласангиз, шунча кўпроқ даромадга эга бўласиз. Бошқа нарсаларга сарфлаган ҳар бир соатингиз 300 000 сўм олиш учун ўтказиб юборган имкониятингиз ҳисобланади.
Иқтисодий фанда бу атама ўзбекчада “муқобил харажатлар”, инглизчада эса “opportunity cost” дейилади.
Ўзингизми ёки тозалаш хизмати?
Айтайлик, сизнинг хонадонингизни 4 соатда, 800 000 сўм эвазига тозалаб беришни таклиф этувчи сервис хизмати бор. Хизмат нархи бир соат учун 200 000 сўмни ташкил қилади. Сизнинг бир соатлик хизмат ҳаққингиз эса 300 000 туради. Агар сизда шу вақт оралиғида нақд буюртмангиз бўлса ёки бу иш сизнинг кейинги вазифаларни бажаришда самарадорлигингизни туширса, фаррош хизматидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан тўғри бўлади.
Вақтбай тизим (белгиланган иш ҳақи)
Вақт – бу бозорда сотиладиган ресурсдир. Юқорида мисол қилганимиз фрилансерлик фаолиятида киши ўз вақтини ҳар бир лойиҳа асосида сотади. Маоши белгиланган ходим эса меҳнат шартномасини имзолайди ва қатъий тўлов эвазига вақтини улгуржи “пуллайди”.
Дейлик, сиз хусусий мактабда ўқитувчисиз. Ойига 80 соат ишлашга розилик билдиргансиз ва бунинг эвазига 15 000 000 сўм ойлик оласиз. Бир соатлик иш ҳақи миқдорини юқоридаги формуладан фойдаланиб ҳисоблаймиз:
Бир лекини бор! Сиз ҳар куни бир-икки соат кўпроқ ишлайсиз ва кўпинча тушлик вақтини ҳам ўтказиб юбориб, бирор юмуш билан банд бўласиз. Агар сиз ушбу сарфлаган вақтларингиз учун қўшимча ҳақ олмасангиз, унда сизнинг вақтингиз қиймати ундан ҳам камроқ бўлади:
15 000 000 : (80 + 20) = 150 000 сўм (бир соат учун) (20 соатлик қўшимча иш мисолида кўрсак)
“Вақтни сотиш” ёки “вақтни сармоя қилиш”
Муваффақиятли кишилар вақтини икки йўл билан сарфлайди:
1. Вақтни сотади – иш ҳақи эвазига вақтини ажратади.
2. Вақтни сармоя қилади – янги кўникмаларни эгаллаш, соғлик учун спорт билан шуғулланиш, оила ёки дам олиш учун вақт ажратади, бу эса кейинчалик юқорироқ даромад ёки самарали фаолиятга туртки беради.
Мисол тариқасида, репетиторликни олиб кўрамиз. Сиз асосий ишингиздан (хусусий мактабда ўқитувчи мисоли) кейин ҳар куни 2 соат ва ҳар дам олиш кунлари бўлса 5 соат ишлашингиз мумкин (онлайн дарс). Шунда сиз ҳар ҳафта қўшимча ўрта ҳисобда 3 000 000 сўм ишлашга имкон топасиз ва бу вақтни сотиш демакдир. Лекин сиз дам олишни афзал кўрсангиз, ҳар ҳафта 3 000 000 сўм фойдадан маҳрум бўласиз. Бу йўқотилган фойдангизни фарзандингиз таълими учун ажратсангиз, вақтингизни келажак учун сармоя қилган бўласиз.
Вақтни тежашга ёрдам берувчи 5 хизмат
Бугунги кунда аҳолимиз онлайн харидлар, сервис хизматлари, автоматик тўловлар, умумий олганда эса вақтларини тежаш мақсадида энг кўп мурожаат қилаётган сайтлар ва мобил иловаларнинг кичик рўйхати:
- Payme, Click ва бошқа тўлов иловалари орқали коммунал, телефон, интернет, солиқ ва божлар ҳамда бошқа тўловларни онлайн амалга ошириш мумкин.
- Ягона интерактив давлат хизматлари портали (MyGov иловаси, my.gov.uz сайти) – 700 дан ортиқ давлат хизматларидан онлайн тарзда фойдаланиш мумкин.
- Yandex Go – етказиб бериш хизмати. Озиқ овқат махсулотлари, хўжалик буюмларидан тортиб иссиқ таомларгача буюртма бериш мумкин.
- Zoom – онлайн видеоалоқа платформаси. Гуруҳ ва индивидул мулоқот учун видеоконференция ҳамда онлайн дарслар ташкил этиб, ортиқча оворагарчиликлар олди олинади.
- Notion – бу “Ҳамма нарса битта жойда” тамойили асосида яратилган, лойиҳаларни тартиблашдаги қулай иш майдони.
Қачон пулни тежаш керак эмас?
Вақтни фақат даромад манбайи сифатида кўрсак, чарчоқ, стресс ва ҳаётдан лаззат олиш йўқолиши мумкин. Баъзида пулли хизматлардан фойдаланиб, кундалик ишлардаги “зерикарли”, соғлиқ учун зарарли бўлган ишлардан қочиш мумкин.
Агар уйдаги турли юмушлар сизга янги нарсаларни ўрганишга, оилангиз билан вақт ўтказишга ёки севимли ишингизни янада самаралироқ қилишга ёрдам берса, ўзингизни бу завқларни ҳис этишдан маҳрум қилманг.
Пул ҳаёт сифатини яхшилашга ва сиз учун муҳим бўлган нарсаларга вақт ажратишга ёрдам беради. Аммо бу ўз-ўзидан бахт келтирмайди. Вақт анча қимматли: вақт ўтиши билан пул топиш мумкин бўлса-да, вақтни ҳеч қандай пулга сотиб олиб бўлмайди.