Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленскийнинг Мадридга ташрифи: Испания Украинага ёрдамни давом эттиради
Мадридда Украина президенти Зеленский ташрифи чоғида испанияликлар Украинага ҳар томонлама ҳарбий ва гуманитар ёрдамни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Украина президенти Володимир Зеленский 18 ноябр куни Мадридга ташриф буюрди. Бу унинг Испанияга учинчи расмий ташрифи бўлиб, у давлат раҳбари қирол Филипп VI ва социалист бош вазир Педро Санчес томонидан қабул қилинди. Зеленский Испания парламентининг ҳар икки палатаси раҳбарлари ва мамлакатнинг 13 та энг йирик ҳарбий-саноат корхоналари директорлари билан ҳам учрашувлар ўтказди. Қирол меҳмон шарафига тушлик ташкил этди. Украина раҳбари Мадриддаги қиролича София санъат марказига ҳам ташриф буюрди.
Испан оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, барча даражадаги учрашувларда Зеленский "Россия тажовузига дуч келган шароитда Испания томонидан Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, унинг халқи ва ҳукумати тўлиқ қўллаб-қувватланиши" тўғрисидаги кафолатларни олди. Бу қўллаб-қувватлаш, хусусан, бошқа НАТО давлатлари билан бирга Украина армияси учун АҚШда харид қилинадиган қуролларни молиялаштириш орқали намоён бўлади. Украина фуқароларига, жумладан қочқинларга гуманитар ёрдам ҳам аввалдагидек давом эттирилади. Испаниядан аввал Зеленский Греция ва Францияга ташриф буюрган эди.
Ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа воситаларига муҳтож бўлган Украинага қурол етказиб беришни кўпайтириш зарурати Мадриддаги музокараларнинг асосий мавзуси бўлди. 2024 йилда 10 йил муддатга имзоланган икки томонлама Хавфсизлик ва мудофаа тўғрисидаги келишувдан келиб чиқиб, Испания 2026 йилда Украина учун қурол харидига бир миллиард евро ажратиш ниятида. Бундан ташқари, йил охиригача Киевга қўшимча равишда 800 миллион еврода ортиқ маблағ – қурол-яроғ ва энергетика тизимини тиклаш учун ажратилади, деб эълон қилди Санчес якуний матбуот анжуманида.
Қирол ва бош вазир Зеленскийга ўз мамлакатининг "Украинага дипломатик, молиявий ва ҳарбий соҳаларда кўмак беришга" тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади, бу "Киев ёрдамга муҳтож бўлган бутун давр мобайнида", яъни тинчлик тузилгунига қадар давом этади. Испания фикрига кўра, бу тинчлик "халқаро ҳуқуққа асосланган адолатли ва мустаҳкам" бўлиши шарт. Бундан ташқари, Мадрид яна бир бор Украинани Евроиттифоқ таркибида кўриш истагини тасдиқлади.
Музокаралар якунлангач, иқтисодий ҳамкорликка оид бир қатор ҳужжатлар, жумладан ҳарбий-саноат соҳасида қўшма ишлаб чиқариш бўйича келишувлар имзоланди. Бундан олдин ҳарбий корхоналар вакиллари Зеленскийга Украинага етказиб бериладиган ўзининг энг янги ишланмаларини – дронларни аниқлаш радарлари ва дронларга қарши кураш тизимларини намойиш этди.
Испания Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати DW'га эслатишича, Россия ҳужуми кенг кўламда бошланганидан сўнг Украинага Испания арсеналидан ҳарбий юклар етказиб бериш бошланган. Шундан буён Киевга 12 та Hawk zenit-ракет комплекси, Aspide ва Patriot зенит ракеталари, Harpoon кемаларга қарши қанотли ракеталар, мина ва С-90 гранатомётлари, турли калибрдаги артиллерия қурилмалари ва снарядлар юборилган. Етказиб беришлар орасида 30 та Leopard 2 A4 танки, 50 та гусеницали М113 зирҳли транспортёри, Испанияда ишлаб чиқарилган VAMPAC йўлтанламас армия автомобиллари, 40 та юк машинаси, 8 та денгиз патрул катери ҳам бор.
Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Испания Украинага милтиқлар ва пулемётлар, ўқотар қурол учун ўқ-дорилар, ҳарбий дронлар, тунги кўриш ускуналари, радиация, биологик ва кимёвий қуролдан ҳимоя қилувчи махсус кийим, зирҳли жилетлар, қишки ҳарбий кийимлар, мина қидирув жиҳозлари, дала госпиталлари ва биринчи тиббий ёрдам воситаларини юборган. Шу билан бирга, Испанияда турли ҳарбий мутахассисликлар бўйича 8300 нафар украиналик ҳарбий тайёргарликдан ўтди. Жами олганда, можаро даврида Испания Украинага тақдим этган ҳарбий ёрдам қарийб 3 миллиард еврога етган.
Украинага инсонпарварлик ёрдами учун Испания 110 миллион евро сарфлади. Шунга яқин миқдордаги маблағни турли нодавлат ташкилотлар ҳам тўплади. Биринчи навбатда, гап озиқ-овқат, санитар жиҳозлар ва дори-дармон, кийим-кечак, кўрпа-тўшак ва бошқа зарур буюмлар етказиб бериш ҳақида бормоқда. Ёрдам ҳам Украинанинг ўзида, ҳам Испания ҳудудидаги украин қочқинларига кўрсатиляпти.
Ёрдам тўплаш ва украиналикларга етказиб беришдаги хизмати учун Зеленский ташриф чоғида испаниялик роҳиба Лусия Карамни княгиня Олга ордени билан мукофотлади.
Жорий йил бошига келиб (янги статистика келтирилмаган) Испаниядаги украин қочқинлари сони 236 570 кишини ташкил этган. Статистик маълумотларга кўра, йил бошида улардан тахминан 73 000 нафари ишга жойлашган. Улар асосан қурилиш, савдо, ресторан ва меҳмонхона бизнеси соҳаларида, шунингдек испан оилаларида уй-рўзғор ёрдамчилари сифатида меҳнат қилмоқда. Тахминан 40 минг бола ва ўсмир испан мактабларида таълим олмоқда.
"Украинлар Испанияда меҳнаткаш ва интизомли халқ сифатида ўзини яхши томондан кўрсатди", – деди DW билан суҳбатда сиёсатшунос Роса Мария Сентено. Испанияликларнинг уларга муносабати бутунлай ижобий: "Мамлакатда бу қочқинларга қарши чиқадиган ёки уларни тезроқ ватанига қайтаришни талаб қиладиган сиёсий кучлар йўқ", – дея таъкидлади у.
Зеленский ташрифи арафасида Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Альбарес Украинага ёрдамни давом эттириш масаласида сўл ҳукумат коалицияси ичида консенсус мавжудлигини билдирган эди. Бироқ ташрифнинг ўзи давомида Америка қуролларини Украина учун харид қилишга қарши чиқадиган ўта сўл Podemos ("Биз қодирмиз") партияси норозилик билдирди.
Бу партия ҳукумат коалицияси таркибига кирмайди, аммо Испания парламентида тўрт, Евроиттифоқ парламентида эса икки депутатга эга. Унинг бош котиби Ионе Беларра бош вазир Санчесни милитаризмда айблаб, бундай ёрдам "тинчликка олиб келмаслигини, фақат можарони чўзиши мумкинлигини, қурол харидлари эса, эҳтимол, фақат Қўшма Штатлар учунгина фойдали эканини" айтди.
Сиёсатшунос Сентено фикрича, бу "испан популистларининг анъанавий антимилитаристик ва антиамерика риторикаси" бўлиб, улар ҳарбий харажатларни аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларига йўналтиришни талаб қилмоқда. "Бу сиёсат на россияпараст, на антиукраин характерга эга эмас", – дея хулоса қилди социолог.
https://www.dw.com/ru/vizit-zelenskogo-v-madrid-ispania-prodolzit-pomogat-ukraine/a-74796075