Жаҳон | 15:20 / 20.11.2025
1545
3 дақиқада ўқилади

Полша 10 минг ҳарбийни муҳим объектларга жўнатади

Полшада 21 ноябрдан бошлаб муҳим инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли операция бошланади. Ҳукумат бу ҳақда, тахминларга кўра, Россия махсус хизматлари агентлари алоқадор деб ҳисобланаётган темирйўлдаги портлашдан сўнг эълон қилди.

Фото: AP / Czarek Sokolowski

Полша ҳукуматининг маълум қилишича, кенг кўламли операция доирасида аэропортлар ва алоқа тармоқлари каби муҳим инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш учун 10 минггача ҳарбий хизматчи жалб этилади. Бу ҳақда чоршанба, 19 ноябр куни мамлакат мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ва ички ишлар вазири Марцин Кервинский маълум қилди, дея хабар беради PAP Полша агентлиги.

Бундан аввалроқ Полша Варшава — Люблин темирйўл йўналишидаги диверсияда Россияни айблаган эди.

«Горизонт» код номи берилган операция 21 ноябр куни бошланади ва бутун мамлакат ҳудудида амалга оширилади.

Марцин Кервинскийнинг тушунтиришича, ҳарбийлар полиция, темирйўл қўриқлаш хизмати ва барча давлат тузилмалари билан ҳамкорликда диверсияларга қарши кураш ҳаракатларини мувофиқлаштиради. Унинг сўзларига кўра, Полша «фуқаролари хавфсизлигини ҳимоя қилиш» учун «барча ресурслардан фойдаланмоқда».

«Бугун кўплаб экспертлар шундай дейишмоқдаки, биз уруш деб ҳам, тинчлик деб ҳам аталмайдиган даврда яшаяпмиз. Бундай таҳдидлар, гибрид хавфлар ва рақибимиз жамият тузилишига кўрсатишга уринаётган таъсир шароитида биз барча давлат хизматларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришимиз лозим», — деди Полша ички ишлар вазири.

Ўз навбатида, Полша Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, генерал Веслав Кукула таъкидлашича, операция доирасида асосий эътибор диверсиялар учун энг заиф бўлган объектларни аниқлашга қаратилган бўлади.

Кенг кўламли операция ҳақидаги эълон 16 ноябр куни Мазовецк воеводалигида, Варшава яқинидаги темирйўл участкасида портлаш содир бўлганидан кейин қилинди. Поезд машинисти Украина билан чегарадаги «Дорохуск» назорат-ўтказиш пунктига олиб борувчи темирйўл изларида шикастланишни пайқаб қолган. Ҳаракат тўхтатилган, оқибатда ҳеч ким жабрланмаган.

Полша бош вазири Дональд Туск шундай деди: «Аниқланган шахслар — Россия махсус хизматлари билан узоқ вақт давомида ҳамкорлик қилган икки нафар Украина фуқароси. Бу — бизнинг махсус хизматларимиз ва прокуратурамиз хулосаси, шунингдек иттифоқчи махсус хизматлар билан ҳамкорлик натижасидир».

Тахмин қилинишича, мазкур диверсия катта аварияларга олиб келиши мумкин эди, аммо уларнинг олди олинди. Шикастланган темирйўл линиясидан, жумладан, Украинага юклар етказиб бериш учун ҳам фойдаланилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид