Жамият | 11:03 / 20.11.2025
3767
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида наркосавдогарлар 19 килограмм гиёҳванд модда билан ушланди

ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкент шаҳри ҳамда Наманган вилоятида қарийб 30 кг наркотик модда ноқонуний айланмасига чек қўйди. Тошкент шаҳридаги ҳолатда наркосавдогарлар Янгиҳаёт туманида хуфия жойга кўмиб қўйилган 19 кг гиёҳванд моддани олишга келганда ушланган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йил 9 ноябр куни ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Унда 1978 йилда туғилган шахс ўзининг 1973 йилда туғилган жиноий шериги билан пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида гиёҳванд воситаларини кўмиб қўйилган жойдан олаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган. Мазкур уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 19 кг 80 грамм оғирликдаги гиёҳванд воситаларини танишлари томонидан ташлаб берилган геолокация орқали олганликлари аниқланган.

Гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ яна бир ҳолат Наманган вилоятида аниқланди. Жорий йил 13 ноябр куни олиб борилган тезкор-қидирув тадбирида йиллар давомида занжирга айланиб улгурган бир нечта жиноий гуруҳдан ташкил топган жиноий уюшма аъзолари фош этилган.

Жумладан, гиёҳванд воситаларининг тарқалиши ва айланмасида курер вазифасини бажарган 30 ёшли шахс ва унинг 32 ёшли жиноий шериги қўлга олинган. Улар жиноий тил бириктириб, Наманган вилояти Учқўрғон туман ҳудудида жойлашган дала майдонига келиб, оғирлиги 10 кг бўлган гашиш гиёҳванд моддасини олганда ушланган.

Ҳолат юзасидан тезкор-қидирув ҳаракатлари олиб борилганда, қўлга олинганлар ушбу гиёҳванд воситаларини раҳнамолари бўлмиш икки шахснинг топшириғига асосан улар ташлаб берган геолокациядан олиб келганликларини маълум қилган. Амалга оширилган тезкор тадбирларда раҳнамолардан бири, 2001 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси ушланган. Иккинчиси эса Қирғиз Республикаси ҳудудида қўлга олинган. Ҳозирда қолган жиноий уюшма аъзоларини қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилаётгани билдирилди. 

Ҳар икки ҳолат бўйича ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида наркосавдогар оила аъзолари қўлга олинганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид