Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уй-жой бозори жонланди: битимлар сони бир ойда 12 фоизга кўпайди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2025 йил октябр ойида Ўзбекистонда уй-жой олди-сотди битимлари сони 12 фоизга ошиб, 27,1 мингтани ташкил этди. Бу 2023 йил августидан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Фото: Kun.uz
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази октябр ойидаги Ўзбекистон уй-жой бозори динамикаси бўйича янгиланган таҳлилни тақдим этди.
Маълумотларга кўра, октябр ойида уй-жой олди-сотди битимлари сони бир ойда 12 фоизга ошиб, 27,1 мингтага етган. Бу 2023 йил августидан буён қайд этилган энг юқори фаоллик даражаси сифатида баҳоланмоқда.
Октябр ойида уй-жой бозоридаги ўсиш республика ҳудудларининг деярли барчасида кузатилган.
Энг катта ойлик ўсиш Хоразм, Бухоро ва Тошкент вилоятларида қайд этилган — бу ҳудудларда уй-жой битимлари ўртача 26 фоизга кўпайган.
Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида эса ўсиш мўътадил бўлиб, мос равишда тахминан 2 фоиз ва 4 фоизни ташкил этган.
Республика бўйича уй-жой олди-сотди битимларининг тахминан 30 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Октябрь ойида пойтахтда савдо ҳажми ойлик ҳисобда 5,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 32 фоизга ошган.
Октябрда иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўсиш суръати сезиларли равишда тезлашган: бир ой ичида 1 кв метр учун ўртача нарх 2,4 фоизга ошган (сентябр ойида бу кўрсаткич 0,6 фоиз эди), ўтган йил октябрига нисбатан ўртача нарх 7,4 фоизга юқори.
Энг юқори йиллик ўсиш Сурхондарё ва Наманган вилоятларида қайд этилган — бу ерларда уй-жой нархлари тахминан 20 фоизга қимматлашган.
Тошкент шаҳрида октябр ойида иккиламчи уй-жой бозорида нархлар деярли ўзгармасдан қолиб, ўртача ўсиш 0,7 фоиз атрофида бўлган.
Йиллик ҳисобда пойтахтда иккиламчи уй-жой нархлари ўтган йил октябрига нисбатан 1 фоизга пасайган. Энг сезиларли тушиш Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида кузатилиб, бу туманларда ўртача нархлар тахминан 5 фоизга арзонлашган.
Бирламчи уй-жой бозорида эса аксинча, нархлар ўсиши қайд этилган. Октябр ойида 1 кв метр учун ўртача нарх йиллик ҳисобда 2,1 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш Бектемир, Яшнобод, Миробод ва Яккасарой туманларида кузатилиб, бу ҳудудларда нархлар ўртача 5,5 фоизга кўтарилган.
Тошкентда уй-жой ижара бозорида ўртача ставкалар ўтган ой даражасида қолиб, 1 кв метр учун 8,5 доллар атрофида шаклланди.
Энг юқори ижара нархлари пойтахтнинг марказий туманлари — Миробод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбекда сақланмоқда. Бу ҳудудларда 1 кв метр учун ўртача ижара ҳақи тахминан 10,2 долларни ташкил этмоқда.
Ўтган йил октябрига нисбатан эса Тошкентда уй-жой ижара нархлари ўртача 1,6 фоизга ошган. Энг катта ўсиш Бектемир, Яшнобод ва Сергели туманларида қайд этилган — бу туманларда ижара ставкалари ўртача 9 фоизга кўтарилгани маълум қилинган.
Мавзуга оид
12:50 / 24.11.2025
Тошкент вилояти пешқадам: 9 ойда энг кўп турар жой шу ҳудудда фойдаланишга топширилди
07:20 / 24.11.2025
2430 та тил таҳлили грамматик ўхшашлик ва фарқларни кўрсатди
10:00 / 23.11.2025
Чангга қарши сафарбарлик ва ИИББда ин қурган талончилар — ҳафта дайжести
15:38 / 21.11.2025