Жаҳон | 09:44 / 20.11.2025
2588
2 дақиқада ўқилади

Хитой яна Германиянинг асосий савдо ҳамкорига айланди

Январдан сентябргача Хитой маҳсулотларининг Германияга импорти кескин ошди. Немис экспертлари Хитой компанияларини демпингда айблаб, Европа Иттифоқидан бож жорий этишни талаб қилмоқда.

Фото: picture-alliance/ZUMA Wire/Y. Fangping

Хитой АҚШни ортда қолдириб, яна Германиянинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорига aйланди. Висбадендаги Германия Федерал статистика идораси 19 ноябр, чоршанба куни маълум қилишича, жорий йилнинг январ–сентябр ойларида Хитойдан ГФРга маҳсулот импорти ҳажми 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 8,5 фоизга ошиб, 124,5 миллиард еврони ташкил этди. Икки давлат ўртасидаги умумий савдо ҳажми, яъни импорт ва экспортни қўшиб ҳисоблаганда, 185,9 миллиард евро даражасига етди. Шу билан бирга, Германия товарларининг Хитойга экспорти 12,3 фоизга камайиб, 61,4 миллиард еврони ташкил этган.

2016 йилдан 2023 йилгача Хитой Германиянинг асосий савдо ҳамкори бўлиб келган. 2024 йилда эса биринчи ўринга АҚШ чиққан эди. Бироқ жорий йил январидан бошлаб АҚШ президенти Доналд Трампнинг тариф сиёсати туфайли Германия товарларининг АҚШга экспорти қисқарди ва шу сабаб умумий савдо ҳажми ҳам пасайди.

Кёлнда жойлашган Немис иқтисодиёти институти (IW) маълумотларига кўра, Хитой компаниялари АҚШ билан савдо уруши натижасида ўз экспорт йўналишларини Германия бозорига бурмоқда. Шу билан бирга, ушбу товарлар нархи ГФРда 2025 йилнинг биринчи ярмида бир йил олдинги шу даврга нисбатан ўртача 4 фоизга паст бўлган.

«Бу шунга ишора қиладики, Хитой етказиб берувчилари Германия бозорига демпинг нархларда киришга интилмоқда», — дейилади Германия Ташқи ишлар вазирлиги учун IW томонидан тайёрланган ҳисоботда. IW эксперти Юрген Маттес Брюсселни рақобат шартларини янада адолатли қилиш учун компенсация божларини фаолроқ қўллашга чақирди.

Тадқиқотга кўра, Хитой импортидан энг катта зарар кўрган тармоқ Германия автомобил саноати бўлди. 2025 йилнинг биринчи ярмида Хитойдан Германияга гибрид автомобиллар импорти 130 фоиздан кўпроққа ошган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид