Жаҳон | 15:01 / 21.11.2025
1867
3 дақиқада ўқилади

Германияда мудофаа харажатларининг ошиши 144 мингта иш ўрни яратади

Тадқиқот: Европадаги НАТО мамлакатларининг мудофаага тўғридан тўғри харажатларини 2029 йилгача ЯИМнинг 3,5 фоизигача ошириши Германияда деярли 150 мингта янги иш ўрни яратилишига, яна қарийб 220 мингта иш ўрни эса сақлаб қолинишига олиб келади.

Фото: Philipp Schulze/dpa/picture alliance

НАТОга аъзо мамлакатларда тўғридан тўғри мудофаа харажатларини ЯИМнинг 3,5 фоизигача ошириш Германияга, бу ерда кўплаб ҳарбий саноат концернлари жойлашганини инобатга олганда, 2029 йилга бориб мамлакат ялпи ички маҳсулотини 0,7 фоизга ошириш, шунингдек, ҳар йили 360 мингта иш ўрнини яратиш ёки сақлаб қолиш имконини беради. Бу ҳақда DekaBank Германия молия компанияси ва АҚШнинг EY-Parthenon консалтинг агентлиги тадқиқоти маълумотларида айтилган. Тадқиқотнинг асосий хулосалари 20 ноябр, пайшанба куни EY-Parthenon сайтида эълон қилинди.

Тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, тўғридан тўғри мудофаа харажатларини ЯИМнинг 3,5 фоизигача ошириш режаси доирасида НАТО мамлакатларининг 2025 йил кўрсаткичлари асосида ҳисоблаганда, ушбу соҳадаги йиллик умумий харажатлари 770 млрд евро атрофида бўлади. Шунинг тахминан 217 млрд евро қисми ҳарбий қуролланишга тўғри келади.

Германия ушбу маблағдан тахминан 32 млрд евро, яъни қарийб 15 фоизини олиши мумкин. Сабаби – мамлакат ҳудудида йирик Европа мудофаа концернлари ишлаб чиқариш қувватлари жойлашган: масалан, Германиянинг Rheinmetall ва Heckler & Koch компаниялари, шунингдек Нидерландиянинг KNDS концерни. Тадқиқотчилар маълумотларига кўра, бундай ҳажмдаги маблағларнинг ҳар йили келиб туриши 144 мингта янги иш ўрни яратилишига, яна қарийб 220 мингта иш ўрни эса сақлаб қолинишига олиб келади.

Таҳлилчилар баҳолашича, НАТОга аъзо Европа давлатлари 2035 йилга бориб мудофаа соҳасига тўғридан тўғри инвестициялар ҳажмини деярли 2,2 трлн еврогача етказиши керак бўлади. Фақат шундай миқдор мамлакатларга қўшинларни қайта қуроллантириш бўйича қўйилган мақсадларга эришиш ва АҚШ ҳарбий тизимлари етказиб беришининг эҳтимолий тўхташи оқибатларини қоплашга ёрдам беради. Шунинг учдан бир қисми Европа компанияларига, қолган қисми эса америкаликларга тўғри келади.

«Европа учун мудофаа саноати иқтисодий барқарорлаштириш омилларидан бири бўлиб, у иқтисодий тебранишлар шароитида ҳам Европа иқтисодиётини қўллаб-қувватлайди. Мудофаа саноати ва у билан боғлиқ тармоқлар учун ўсиш потенциали улкан», – деб ҳисоблайди DekaBank бошқаруви раисининг ўринбосари Матиас Данне.

Шу билан бирга, Бохумдаги Автомобил тадқиқотлари маркази (CAR) мутахассиси Фердинанд Дуденхёффер EY-Parthenon ва DekaBank тадқиқотига жалб этилмаган, таҳлилчилар томонидан тахмин қилинган Германия иқтисодиёти ўсиши ва иш ўринлари кўпайиши мамлакатда бошқа саноат тармоқларида кутилган қисқаришларни қоплаш учун «аниқ етарли эмаслигини» таъкидлади. Гап, жумладан, автомобилсозлик ва металлургия ҳақида бормоқда.

«Мудофаа саноати Германиянинг анъанавий кучли тармоқлари бўлган ушбу соҳалардаги ишчи кучи йўқотилишини фақат қисман қоплай олади. Бу жараённи тўхтатиш учун Германиянинг саноат мамлакати сифатида рақобатбардошлигини сезиларли даражада ошириш зарур. Масалан, иш ҳақига доир қўшимча харажатларни камайтириш, тартибга солишни юмшатиш ва электр энергияси харажатларини пасайтириш ҳисобидан», – деди Дуденхёффер.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид