Жамият | 18:25 / 21.11.2025
19100
5 дақиқада ўқилади

Қочоқ “куёв” ва алданган “келин” иши: Шаҳзод Рисматов 9 йилга қамалди

Бўлажак турмуш ўртоғининг уйини алдов йўли билан блогер Санжар Каримовга расмийлаштириб бериб, эвазига ундан қарзга пул олгани айтилган Шаҳзод Рисматов ишида суд ҳукми ўқилди: суд уни жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбли деб топди ҳамда 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Низоли уй масаласи фуқаролик иш юритиш тартибида ҳал этилиши белгиланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида Шаҳзод Рисматовга оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, эълон қилинган суд ҳукмига кўра Шаҳзод Рисматов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбли деб топилган. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Суд ҳужжатида судланувчи Шаҳзод Рисматовдан уч нафар жабрланувчи фойдасига жами 4 млрд 879 млн сўм миқдорида зарар ундирилиши ҳам назарда тутилган. Шунингдек, низоли уй юзасидан тузилган олди-сотди шартномаларини бекор қилиш бўйича фуқаролик иш юритиш тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли экани билдирилган.

Бундан ташқари, суднинг алоҳида ажрими билан Шаҳзод Рисматовга оид жиноят иши юзасидан бошқа шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига хабар қилиниши белгиланган. Мазкур ажримдан норози томон ўн сутка муддат ичида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясига хусусий шикоят ёки хусусий протест келтириши мумкинлиги қўшимча қилинган.

Қочоқ “куёв” иши

Тошкентда яшовчи Жамила Олимбоева йигити Шаҳзод Рисматовни фирибгарликда айблаганди. У Рисматов алдов йўли билан уйини Санжар Каримовга расмийлаштириб бериб, эвазига Каримовдан қарзга пул олганини маълум қилган.

“Шаҳзод тўйимизга 25 кун қолганда кайфиятсиз юрди. Сабабини сўрасам, “Менда пул билан муаммо бўляпти”, деб тушунтирди. Кейин дадам Шаҳзодни уйга чақирди”, дея ҳикоя қилган Жамила Олимбоева.

Унинг сўзларига кўра, отаси бўлажак куёв билан ўтириб суҳбатлашган, йигит тўйни вақтинча тўхтатиб туришни, бошқа чораси йўқлигини айтган. Бунга жавобан келиннинг отаси тўй учун ҳамма ҳозирликлар кўриб қўйилганини, сарф-харажатлар бўлганини, тўхтатиб бўлмаслигини билдирган. Кейин Шаҳзод Рисматов пул билан муаммоси борлигини айтиб, уйларини 12 кун гаровга қўйиб туришга рухсат сўраган. Жамиланинг ота-онаси бунга розилик билдирган.

Жамила Олимбоевага кўра, бу воқеадан 1-2 кун ўтиб, ота-онаси, Шаҳзод ва унинг бир ўртоғи нотариусга боришган. У ерга кейин Санжар Каримов ҳам келган. Олимбоева ва ота-онаси нотариусда имзо қўяётган ҳужжатлари гаров эмас, олди-сотди шартномаси эканини кўришган. Аммо Шаҳзод уларни ҳужжатга тезроқ имзо қўйишга ундаган. Шу тариқа, уй расмий равишда олди-сотди шартномаси билан Санжар Каримов номига ўтган. Жамиланинг айтишича, улар нотариусда ҳам, ундан кейин ҳам қўлларига пул олишмаган.

Орадан кўп ўтмай Шаҳзод Рисматов йўқолиб қолган. Кейинчалик унинг қочиб кетгани маълум бўлган.

Олимбоеванинг ушбу даъвосидан сўнг Санжар Каримов уйни эгаларидан 240 минг доллар нақд тўлов эвазига сотиб олганини айтиб чиқди.

“Улар менга сотиб олишим мумкин бўлган уй борлигини айтишди. Уй эгасига нақд 240 минг доллар бердим. Оила аъзоларининг ҳаммаси нотариусга борган ва ўзлари рози бўлишган, шартномани синчиклаб кўриб чиқишган.

Бу можарога алоқам йўқ. Уйни ўз пулимга сотиб олдим. Агар уларнинг бизнеси муваффақиятсизликка учраган бўлса, бунинг менга нима алоқаси бор? Мен 240 минг доллар тўлаганман. Мен уйни уларга ёрдам бериш истагида сотиб олдим”, деганди Санжар Каримов.

Мавзуга оид