Жаҳон | 10:17 / 21.11.2025
2068
2 дақиқада ўқилади

Запорижжяда Россия зарбасидан кейин камида беш киши ҳалок бўлди

Россия 20 ноябр куни кечқурун Запорижжяни ўққа тутди, ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор. Уйлар, дўкон ва бозорга зарар етди.

Фото: AP

Россия қўшинлари пайшанба, 20 ноябр куни кечқурун Украинанинг Запорижжя шаҳрига ҳужум қилди. Украина Фавқулодда ҳолатлар хизмати хабарига кўра, сўнгги маълумотларга қараганда зарба натижасида камида беш киши ҳалок бўлган, яна уч киши тан жароҳати олган.

Ҳужум натижасида уйлар, дўкон ва бозор зарарланган. Жабр кўрганлар сони аниқлаштирилаётганини Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоров таъкидлади. Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда.

Бундан аввал Федоров Запорижжя вилояти бўйича бошқариладиган авиабомбалар билан зарба бериш хавфи борлиги ҳақида хабар қилган эди.

Бир кун олдин Россия ҳаводан Харкив, Лвив, Тернопил ва яна бир қатор Украина шаҳарларига кучли зарбалар берганди. Мамлакат президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина бўйлаб 470 дан ортиқ ҳужумкор дрон ва 48 та ракета учирилган. Тернопилда 26 киши, шу жумладан уч нафар бола ҳалок бўлган. 93 киши, жумладан 18 нафар бола жароҳатлангани ҳақида Украина Миллий полицияси хабар берган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид