Ўзбекистон | 13:31 / 22.11.2025
1896
2 дақиқада ўқилади

Аграр соҳани қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев “Аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлаш тубдан ислоҳ қилиниб, ягона рақамлаштирилган тизимга ўтказилади.

Фармонга кўра, аграр соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини рақамлаштириш орқали меҳнат ва вақт ресурслари сарфи 2 бараварга қисқартирилиши кўзда тутилган. Шунингдек, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорларга давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари унификация қилинади ва уларнинг сони 2028 йил якунига қадар 50 фоизгача қисқартирилади.

Фармон билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилади.

Янги Агентлик зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилмоқда:

— аграр соҳада қўллаб-қувватлаш чораларининг янги турларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
— қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсатиш учун аризаларни қабул қилишдан бошлаб, уларни кўриб чиқиш, маъқуллаш ва тўловларни амалга оширишгача бўлган барча босқичларни тўлиқ рақамлаштириш.

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан:

— мазкур ҳужжатда белгиланган қўллаб-қувватлаш чоралари Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан амалга оширилади;
— қўллаб-қувватлаш чоралари тадбиркорларга алоҳида махсус ҳисоб рақамлар (23210) очиш орқали молиялаштирилади.

Мазкур ислоҳотлар аграр соҳада давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини соддалаштириш, ошкораликни таъминлаш ва ресурслардан самарали фойдаланишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид