Жаҳон | 09:01 / 22.11.2025
1712
3 дақиқада ўқилади

Киев ва иттифоқчилар: Келишувлар Европа манфаатларини ҳимоя қилиши керак

Берлин, Париж, Лондон ва Киев шундан келиб чиқмоқдаки, «тўқнашув чизиғи ўзаро тушунишга эришиш учун бошланғич нуқта ҳисобланади». Сиёсатчилар телефон орқали мулоқотда Доналд Трампнинг Украина бўйича тинчлик режасини муҳокама қилди.

Фото: Kay Nietfeld/dpa/picture alliance

Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Украина раҳбари Володимир Зеленский билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Суҳбат чоғида улар «Европа ва Украинанинг ҳаётий муҳим манфаатларини узоқ муддатли ҳимоя қилиш мақсадидан чекинмасликка келишиб олди», деб хабар берди жума, 21 ноябр куни Германия ҳукумати вакили Штефан Корнелиус.

Берлин, Париж, Лондон ва Киев «тўқнашув чизиғи ўзаро тушунишга эришиш учун бошланғич нуқта ҳисобланади» ҳамда «Украина қуролли кучлари Украина суверенитетини самарали ҳимоя қилиш қобилиятини сақлаб қолиши керак», деган позициядан келиб чиқмоқда.

Бу баёнотга АҚШ президенти Доналд Трампнинг 28 банддан иборат тинчлик режаси Зеленскийга топширилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг эътибор қаратилди. Ҳужжат ҳали расман эълон қилинмаган, бироқ бир қатор ОАВ лойиҳадан иқтибослар чоп этди. Уларга кўра, Украина, жумладан, Россияга ҳудудий ён босиши ва армиясини қисқартириши кутилмоқда. АҚШ ва Европа мамлакатни тиклашни молиялаштириш мажбуриятини олади, Россияга нисбатдаги санкциялар босқичма-босқич бекор қилинади, Москва ва Вашингтон эса узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолайди. Axios маълумотларига кўра, режа НАТО Шартномасининг 5-моддасига ўхшаш тарзда ишлаб чиқилган ва АҚШ ҳамда европалик иттифоқчиларни Украинага қилинган ҳужумни бутун «трансатлантик ҳамжамият»га қилинган ҳужум сифатида қарашга мажбур қилувчи хавфсизлик кафолатларини ҳам ўз ичига олади.

Европалик сиёсатчилар АҚШнинг урушни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларини, хусусан, Трамп режасида Украина суверенитетининг тан олиниши ва Киевга ишончли хавфсизлик кафолатлари беришга тайёрликни олқишлади, дейилади баёнотда.

Мерц, Макрон ва Стармер «Украинани барқарор ва адолатли тинчликка эришиш йўлида доимий ва тўлиқ қўллаб-қувватлашга» ишонтирди. «Европа давлатларига, Европа Иттифоқига ёки НАТОга тааллуқли ҳар қандай келишув европалик шерикларнинг маъқуллаши ёки иттифоқчилар консенсусини талаб қилади», деб таъкидлади суҳбат иштирокчилари.

Корнелиус улар бир-бири билан, бошқа европалик раҳбарлар ва Вашингтон билан яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишганини қўшимча қилди.

Европа комиссияси (ЕК) раҳбари Урсула фон дер Ляйен эса ўз навбатида АҚШнинг янги тинчлик режаси бўйича «катта йигирмалик» саммити доирасида маслаҳатлашувлар ўтказишини билдирди. «Биз вазиятни ҳам европалик раҳбарлар, ҳам бу ерда, G20 саммитида лидерлар билан муҳокама қиламиз», — деди у Йоханнесбургда ўтказилган матбуот анжуманида. Саммит 22–23 ноябр кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. ЕК раиси, шунингдек, Зеленский билан ҳам боғланишини қўшимча қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид