Ўзбекистон | 18:30 / 24.11.2025
3874
6 дақиқада ўқилади

Давлат компаниялари 20 та хизматни аутсорсингдан олиши белгиланди

Хизмат машиналари, колл-марказ, бухгалтерия, клининг, кейтеринг, рекрутинг, маркетинг, реклама ва жамоатчилик билан алоқалар каби кўплаб хизматларни давлат компаниялари аутсорсингдан сотиб олиши белгиланди. Мебеллар, маиший техникалар, канцелярия буюмлари ва IT-маҳсулотларнинг лицензияларини арзонроққа олиш мақсадида бир нечта компания ўзаро келишган ҳолда битта давлат харидини амалга оширади.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон президентининг 19 ноябр кунги фармойиши билан, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарда таннархни камайтириш чоралари белгиланди.

Унга кўра, қатор функцияларни аутсорсингга берилади, бир нечта компаниянинг асосий воситалар бўйича харидлари бирлаштирилади, шунингдек, бошқарув жараёнлари рақамлаштирилади.

Аутсорсинг

Фармойиш билан, давлат корхоналарида аутсорсинг асосида бажарилиши лозим бўлган функция ва хизматлар рўйхати тасдиқланди. Рўйхат қуйидагича:

  • бино ва ҳудудларни тозалаш (клининг) хизмати;
  • қоровуллик ва объектларни муҳофаза қилиш хизмати;
  • ишчилар овқатланишини ташкил этиш (кейтеринг) хизмати;
  • ходимларни хизмат автотранспорти билан таъминлаш хизмати (ҳайдовчи билан бирга);
  • бино ва иншоотларни техник қўллаб-қувватлаш (сантехника, электр таъминоти ва бошқа муҳандислик хизматлари);
  • ишлаб чиқариш ускуналарига техник хизмат кўрсатиш;
  • ахборот технологиялари инфраструктурасига хизмат кўрсатиш (IT-аутсорсинг);
  • дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш хизмати;
  • бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботни юритиш хизмати;
  • юридик маслаҳат ва ҳуқуқий ҳамроҳлик хизмати;
  • ходимларни танлаш ва ишга қабул қилиш (рекрутинг) хизмати;
  • иш ҳақини ҳисоблаш ва кадрлар бўйича ҳужжат юритиш хизмати;
  • маркетинг, реклама ва жамоатчилик билан алоқалар хизмати;
  • мижозлар учун колл-марказ ва ахборот хизмати;
  • почта-курьерлик ва ҳужжат етказиб бериш хизмати;
  • полиграфия ва босмахона хизмати (матбаачилик ва нусха кўпайтириш ишлари);
  • конференция, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш хизмати;
  • автопаркни бошқариш ва автотранспортларга сервис хизмати;
  • лаборатория синовлари ва сертификатлаш хизматлари;
  • ички аудит ва консалтинг хизмати.

2026 йил 1 мартдан бошлаб UzAssets тизимидаги йирик корхоналарда умумий хизмат кўрсатиш марказлари (Shared Service Centers) фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали ёрдамчи хизматлар ва функциялар (харидлар, кадрлар, бухгалтерия, ахборот технологиялари, юридик хизматлар) марказлаштирилади.

“Биргаликда харид қилиш” таомили

Ўхшаш турдаги товар ва ресурсларни биргаликда харид қилиш орқали таннархни пасайтириш ва логистикани такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

Давлат корхоналари учун биргаликда харид қилиниши мумкин бўлган асосий товарлар рўйхатига қуйидагилар киритилди:

  • офис қоғози (турли ўлчамлардаги ёзув қоғозлари);
  • канцелярия буюмлари (ручка, дафтар ва бошқалар);
  • компютерлар ва периферия қурилмалари (мониторлар, принтерлар, ташкилот учун бошқа техникалар);
  • нусха кўчириш ва босма ускуналари ҳамда уларнинг сарф материаллари (картриж, тонер ва бошқалар);
  • махсус иш кийимлари ва шахсий ҳимоя воситалари (формали кийим-бош, каска, қўлқоп ва ҳ.к.);
  • офис мебеллари (стол, стул, шкаф ва бошқалар);
  • гигиена ва тозалаш воситалари (совун, ювиш ва дезинфекциялаш маҳсулотлари);
  • озиқ-овқат маҳсулотлари (ходимлар ошхонаси ва умумий овқатланиш эҳтиёжлари учун);
  • ёнилғи-мойлаш материаллари (бензин, дизел ёқилғиси, мотор мойлари);
  • автотранспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлар (шиналар, филтрлар ва бошқалар);
  • қурилиш ва таъмирлаш материаллари (цемент, бўёқ ва бошқалар);
  • ёруғлик чироқлари ва электротехника товарлари (лампочка, кабел, розетка ва бошқалар);
  • кондиционерлар ва вентиляция ускуналари;
  • алоқа ва телекоммуникация воситалари (стационар телефонлар, мобил алоқа қурилмалари);
  • стандарт дастурий таъминот маҳсулотлари учун лицензиялар (операцион тизимлар, офис дастурлари ва бошқалар).

Биргаликдаги давлат харидларини амалга оширишнинг вақтинчалик тартибига кўра, икки ёки ундан ортиқ давлат корхоналари биргаликдаги давлат харидларини амалга ошириши учун томонлар ўртасида битим тузилиши талаб этилади. Битимда давлат харидини қайси ташкилот ўтказиши кўрсатилади.

Зарур ҳолларда, биргаликда харидларни амалга ошириш учун экспертлар, эксперт ташкилотлари ёки махсус харид ташкилотчилари (профессионал агентлар ёки харид комиссиялари) жалб этилиши мумкин.

Рақамлаштириш

Давлат корхоналарида рақамлаштириш жорий этиладиган жараёнлар ва ахборот технологиялари маҳсулотлари ҳам тасдиқланди:

  • омбор ва захираларни бошқариш ахборот тизими;
  • маълумотлар базаси ва ҳисоботларни визуализация қилиш учун ягона таҳлилий тизим;
  • ишлаб чиқариш жараёнларини реал вақт режимида кузатиб бориш ва таҳлил қилиш тизими (масалан, SCADA/MES платформалари);
  • компания бюджети ва харажатларини режалаштириш ҳамда таҳлил қилиш учун бизнес таҳлил (Business Intelligence — BI) платформаси;
  • энергия истеъмолини мониторинг қилиш ва тежамкорликни таҳлил қилиш учун ахборот тизими;
  • бухгалтерия ва молиявий ҳисобот жараёнларини автоматлаштириш тизими (бухгалтерия учун ERP модули);
  • харидлар ва тендерларни электрон тарзда ташкил этиш тизими (электрон харидлар e-procurement платформаси);
  • электрон ҳужжатлар айланиш тизими (Document Management System);
  • кадрлар ҳисоби ва маош бошқаруви учун электрон HR-менежмент тизими;
  • мижозлар билан ишлаш ва сотув жараёнлари учун CRM (Customer Relationship Management) ахборот тизими;
  • компаниянинг веб-сайти ва онлайн хизматлар (рақамли маркетинг ва коммуникация) платформаси;
  • ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш тизимлари.

Рақамли технологиялар вазирлигига 1 ой муддатда йирик давлат корхоналари фаолиятида фойдаланилаётган ахборот ва рақамли маҳсулотларни хатловдан ўтказиш, рақамлашмаган жараёнларни рақамлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.

Юқорида келтириб ўтилган 3 та рўйхатга республика комиссияси томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид