Жамият | 10:30
1078
2 дақиқада ўқилади

Давлат ташкилотларида айрим хизматлар аутсорсингга ўтказилади

Ўзбекистонда ижро этувчи ҳокимият органлари ва айрим давлат корхоналарида аутсорсинг хизматларини ташкил этишнинг янги тартиби жорий этилди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, бир қатор ёрдамчи ва техник хизматлар хусусий секторга аутсорсинг асосида бериш орқали амалга оширилади.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат корхоналарида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, аутсорсинг орқали амалга ошириладиган хизматлар қаторига бино ва иншоотларни сақлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, санитария-гигиена ишлари, озиқлантириш хизматлари, ахборот технологиялари, архив ишлари, транспорт ва логистика, лаборатория ҳамда таҳлил хизматлари каби йўналишлар киритилди.

Қарор билан аутсорсинг хизматларини танлаш, шартнома тузиш, ижрони баҳолаш ва мониторинг қилишнинг ягона тартиби ҳам белгиланди. Бунда давлат буюртмачилари аутсорсинг хизматларини харид қилишда очиқлик, шаффофлик ва самарадорлик тамойилларига амал қилиши лозим.

Шунингдек, аутсорсинг хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун асосий кўрсаткичлар (KPI) жорий этилади. Уларнинг бажарилиши мунтазам мониторинг қилинади ва натижалар махсус электрон платформада акс эттириб борилади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгаришлар давлат ташкилотларининг асосий вазифаларга кўпроқ эътибор қаратиши, хизматлар сифатини ошириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда коррупция хавфларини камайтиришга хизмат қилади.

Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид