Ўзбекистон | 14:45 / 25.11.2025
6340
2 дақиқада ўқилади

Ғиждувон туманида ҳоким ўзгарди

Президент раислигида ўтказилган йиғилишда бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўйилгани айтилган яна бир туман ҳокими ўзгарди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида янги ҳоким иш бошлади. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, халқ депутатлари Ғиждувон тумани кенгашининг вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирокида ўтган навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди.

Сессияда Фарҳод Бақоевич Умаров Ғиждувон тумани ҳокими этиб тайинланган.

Фарҳод Умаров меҳнат фаолиятини Бухоро иқтисодиёт ва банк коллежи ўқитувчилигидан бошлаб, Бухоро шаҳар молия бўлими ва вилоят молия бошқармасидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2015-2017 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

2017–2021 йилларда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ва 2021–2024 йилларда Вобкент тумани ҳокими лавозимларида фаолият кўрсатган. Ҳозиргача «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори вазифасида ишлаб келаётганди.

Ғиждувон туманига 2021 йил августидан буён Шерзод Ашуров раҳбарлик қилиб келаётганди.

Шерзод Ашуров / Kun.uz

Эслатиб ўтамиз, 19 ноябр куни Камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилишда президент Денов ва Чироқчи туманлари ҳокимларини ишдан олганди. Шунингдек, айрим туман ҳокимлари бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилган, бош вазирга ишга шундай ёндашган 20 та туман ҳокимларига нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўриш топширилганди. Бундай туманлар қаторида Ғиждувон тумани ҳам бор эди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид