Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фронтдаги вазият Украинани келишишга мажбур қиладиган даражадами?
Фронт чизиғида ташаббусни Россия ўз қўлига олган бўлса-да, Украинанинг мудофаа салоҳияти сақланиб турибди. Шу билан бирга, Киев учун халқаро донорлар кўмаги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Хўш, АҚШнинг босими ва фронтдаги жорий ҳолат украинларни ёқимсиз шартлардаги келишувга мажбурлаши мумкинми? Мавзу Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида муҳокамасида.
— Фронтдаги вазият Украинани Россия билан келишишга мажбур қиладиган ҳолатдами?
Абдували Сойибназаров: Фронтдаги вазият реал ҳолатда оғир. Айни пайтда ташаббуснинг муҳим қисми Россия қўлида экани кузатилади. Масаланинг иқтисодий томони ҳам бор: Жаҳон банки прогнозларига кўра, агар барқарорлик сақланса, 2026 йилда Украина иқтисодиёти атиги 2 фоизга ўсиши мумкин. Шу билан бирга, давлат бюджетининг потенциал тақчиллиги ҳозирча тахминан 80 млрд доллар атрофида баҳоланмоқда.
Ҳарбий вазиятга қайтсак, жараёнлар мураккаб ва динамик. Россия қўшинлари Часив-Яр йўналишидан тортиб Константиновкагача бўлган чизиқда сезиларли ҳудудларни эгаллаб, тактик устунликка эришган. Украинада эса ўқ-дори танқислиги давом этмоқда. Украина мудофааси асосан дронлар ёрдамида ушлаб турилибди, аммо Ғарбдан келаётган снарядлар ҳажми сезиларли даражада камайган.
Ҳарбий ёрдам бўйича ҳам ноаниқлик кучаймоқда. Европада музлатилган Россия активларидан фойдаланиш ёки ёрдамни миллий бюджетлар ҳисобидан давом эттириш бўйича келишмовчиликлар мавжуд. Бу фон ичида Украинада юзага келаётган коррупция можаролари ҳам сиёсий позицияни заифлаштиряпти.
Шу билан бирга, бу ҳолат фронт яқин орада ёрилиши ёки Украина қаршилик кўрсата олмай қолишини англатмайди. Бироқ умумий манзара ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан вазиятнинг мураккаблашаётганини кўрсатмоқда.
Шуҳрат Расул: Аввало, бюджет тақчиллиги масаласига тўхталсак: ҳа, Украинада бюджет камомади мавжуд ва уруш бошланганидан бери бу дефицит асосан донор давлатлар томонидан қоплаб келинмоқда. 2025 йил учун ажратилган маблағлар аллақачон тасдиқланган бўлиб, донорлар бу дефицитни тўлиқ қоплаб бермоқда. 2026 йил учун ҳам молиявий ёрдам пакетлари мавжуд. Норвегия, Япония ва бошқа давлатлар томонидан ажратилаётган маблағлар айнан ижтимоий харажатлар ва давлат бошқаруви учун мўлжалланган, қурол-яроғ учун эмас.
Бу нуқтайи назардан, Украинани Россия билан солиштирганда фарқ жуда катта. Айни пайтда Россияда вазият анча оғир. 2025 йил учун Россия бюджети дастлаб 1,2 триллион рубл дефицит билан режалаштирилган эди, бу ЯИМнинг тахминан 5 фоизига тенг бўлиши керак эди. Бироқ ҳали ноябр якунланмасидан камомад 5 триллион рублгача ошди, яъни деярли тўрт баробар кўпайди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, йил охиригача Россия яна тахминан 4 триллион рубл тўловни амалга ошириши керак. Шундай бўлса, умумий камомад 8 триллион рублдан ошиши мумкин. Бу ҳозирги курс бўйича тахминан 110 миллиард доллар дегани. Россиянинг умумий йиллик бюджети эса 370–380 миллиард доллар атрофида баҳоланади, шунинг учун бу кўрсаткич жуда оғир молиявий босимни англатади. 2026 йил учун Россия расмий равишда бюджет тақчиллигини 3,7 триллион рубл деб белгиламоқда.
Тушунтириш учун: дефицит – бу давлат харажатлари даромадлардан юқори бўлган ҳолат. Бундай камомадни ёпишнинг икки модели бор: фискал (солиқларни ошириш) ва монетар (пул эмиссияси орқали). Россия ҳозир фискал моделни танлаган. Шунинг учун мамлакатда қўшилган қиймат солиғи оширилди, фойда солиғи 25 фоизгача кўтарилди, ҳатто жисмоний шахслар учун даромад солиғи ҳам оширилди. Украина эса солиқ юкини оширгани йўқ.
Россия учун энг катта хавф – нефт нархининг тушиши. 2025 йил учун бюджет ҳисоб-китоблари юқори нархларга асосланган бўлса-да, реал бозорда нефт нархи 36 долларгача пасайган. Агар шу тенденция давом этса, 2026 йилда Россия бюджет дефицити ЯИМнинг 20-25 фоизигача чиқиши мумкин – бундай кўрсаткич ҳатто 1990-йиллар иқтисодий инқирози даврида ҳам кузатилмаган.
Камолиддин Раббимов: Аслида фронтдаги ҳозирги вазият Украина таслим бўладиган даражада эмас. Тинчлик келишувлари масаласи – Доналд Трамп томонидан илгари сурилаётган ташаббус. Украина таслим бўлиш ҳолатида эмас ва курашишни давом эттиришга тайёр. Албатта, Украинада муаммолар бор: инсон ресурслари етишмовчилиги, қурол-аслаҳа, узоқ масофали ракеталар таъминоти ва бошқа жиҳатлар бўйича босим мавжуд. Бироқ Европа Иттифоқини ҳисобга олсак, вазият бошқача кўринади.
Европа Иттифоқи – жуда бой минтақа: ярим миллиардга яқин аҳоли, ялпи ички маҳсулот эса Россияникидан бир неча баробар юқори. Шу сабабли Европа Иттифоқи ўз хавфсизлиги учун Украинага ёрдам беришда давом этишга тайёр.
Демак, на Украина ва на Европа таслим бўлмоқда. Ҳозирги дипломатик жараён эса асосан Трампнинг сиёсий ташаббуси. У сайлов кампанияси давомида “урушни бир кунда тўхтатаман” деб ваъда берган ва ҳозир ана шу ваъданинг сиёсий натижаларини яратишга уринмоқда. Агар Ғарб, хусусан, АҚШ босим ўтказмаса ва вазиятни ўз ҳолича қолдирса ҳам, уруш ҳали давом этади ва Украина қаршилик кўрсатади.
Суҳбатни тўлиқ Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
21:45 / 04.12.2025