Фронт чизиғида ташаббусни Россия ўз қўлига олган бўлса-да, Украинанинг мудофаа салоҳияти сақланиб турибди. Шу билан бирга, Киев учун халқаро донорлар кўмаги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Хўш, АҚШнинг босими ва фронтдаги жорий ҳолат украинларни ёқимсиз шартлардаги келишувга мажбурлаши мумкинми? Мавзу Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури муҳокамасида.

— Фронтдаги вазият Украинани Россия билан келишишга мажбур қиладиган ҳолатдами?

Абдували Сойибназаров: Фронтдаги вазият реал ҳолатда оғир. Айни пайтда ташаббуснинг муҳим қисми Россия қўлида экани кузатилади. Масаланинг иқтисодий томони ҳам бор: Жаҳон банки прогнозларига кўра, агар барқарорлик сақланса, 2026 йилда Украина иқтисодиёти атиги 2 фоизга ўсиши мумкин. Шу билан бирга, давлат бюджетининг потенциал тақчиллиги ҳозирча тахминан 80 млрд доллар атрофида баҳоланмоқда.

Ҳарбий вазиятга қайтсак, жараёнлар мураккаб ва динамик. Россия қўшинлари Часив-Яр йўналишидан тортиб Константиновкагача бўлган чизиқда сезиларли ҳудудларни эгаллаб, тактик устунликка эришган. Украинада эса ўқ-дори танқислиги давом этмоқда. Украина мудофааси асосан дронлар ёрдамида ушлаб турилибди, аммо Ғарбдан келаётган снарядлар ҳажми сезиларли даражада камайган.

Ҳарбий ёрдам бўйича ҳам ноаниқлик кучаймоқда. Европада музлатилган Россия активларидан фойдаланиш ёки ёрдамни миллий бюджетлар ҳисобидан давом эттириш бўйича келишмовчиликлар мавжуд. Бу фон ичида Украинада юзага келаётган коррупция можаролари ҳам сиёсий позицияни заифлаштиряпти.

Шу билан бирга, бу ҳолат фронт яқин орада ёрилиши ёки Украина қаршилик кўрсата олмай қолишини англатмайди. Бироқ умумий манзара ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан вазиятнинг мураккаблашаётганини кўрсатмоқда.

Шуҳрат Расул: Аввало, бюджет тақчиллиги масаласига тўхталсак: ҳа, Украинада бюджет камомади мавжуд ва уруш бошланганидан бери бу дефицит асосан донор давлатлар томонидан қоплаб келинмоқда. 2025 йил учун ажратилган маблағлар аллақачон тасдиқланган бўлиб, донорлар бу дефицитни тўлиқ қоплаб бермоқда. 2026 йил учун ҳам молиявий ёрдам пакетлари мавжуд. Норвегия, Япония ва бошқа давлатлар томонидан ажратилаётган маблағлар айнан ижтимоий харажатлар ва давлат бошқаруви учун мўлжалланган, қурол-яроғ учун эмас.

Бу нуқтайи назардан, Украинани Россия билан солиштирганда фарқ жуда катта. Айни пайтда Россияда вазият анча оғир. 2025 йил учун Россия бюджети дастлаб 1,2 триллион рубл дефицит билан режалаштирилган эди, бу ЯИМнинг тахминан 5 фоизига тенг бўлиши керак эди. Бироқ ҳали ноябр якунланмасидан камомад 5 триллион рублгача ошди, яъни деярли тўрт баробар кўпайди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, йил охиригача Россия яна тахминан 4 триллион рубл тўловни амалга ошириши керак. Шундай бўлса, умумий камомад 8 триллион рублдан ошиши мумкин. Бу ҳозирги курс бўйича тахминан 110 миллиард доллар дегани. Россиянинг умумий йиллик бюджети эса 370–380 миллиард доллар атрофида баҳоланади, шунинг учун бу кўрсаткич жуда оғир молиявий босимни англатади. 2026 йил учун Россия расмий равишда бюджет тақчиллигини 3,7 триллион рубл деб белгиламоқда.