Туризм | 18:27 / 25.11.2025
4494
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга келаётган туристлар сонида рекорд ўсиш қайд этилди

2025 йилнинг январ–октябр ойларида 9,7 миллион нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50 фоизга ошгани билан рекорд даражадаги ўсишни намоён этмоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўн ойида жами 9,7 миллион нафар чет эл фуқароси Ўзбекистонга туристик мақсадларда келган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг шу даврида мамлакатга қарийб 6,5 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрган эди. Шу тарзда, бир йил ичида туристлар сони 3,2 миллион нафарга, яъни 50 фоизга кўпайган.

Туристлар оқими бўйича етакчи ўнта давлат қуйидагича:

  • Қирғизистон – 2,8 млн нафар;
  • Қозоғистон – 2,3 млн нафар;
  • Тожикистон – 2,2 млн нафар;
  • Россия – 851,9 минг нафар;
  • Афғонистон – 388,2 минг нафар;
  • Туркманистон – 308,9 минг нафар;
  • Хитой – 217,7 минг нафар;
  • Туркия – 148,1 минг нафар;
  • Ҳиндистон – 66,1 минг нафар;
  • Корея Республикаси – 41,6 минг нафар.

Мутасаддиларга кўра, туризм инфратузилмасини яхшилаш, виза ва чегара расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш, янгидан очилаётган йўналишлар ва тадбирлар мамлакатга бўлган туристик қизиқишни янада оширмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид