Жаҳон | 14:55 / 25.11.2025
2091
3 дақиқада ўқилади

Полшада темирйўл диверсиялари иши бўйича Украина фуқароси ушланди

Украина фуқароси Владимир Б.га 15–16 ноябр кунлари Польша темирйўл инфратузилмасига қилинган диверсияларга кўмаклашиш айби қўйилди. У қамоққа олинган.

Фото: Przemyslaw Piatkowski/PAP

Полшада темирйўл инфратузилмасига қарши диверсиялар иши доирасида Украина фуқароси Владимир Б. қўлга олинди. Бу ҳақда душанба, 24 ноябр куни Полша Миллий прокуратураси маълум қилди. Тергов версиясига кўра, у диверсия актларини тайёрлашда иштирок этган ва Россия махсус хизматлари кўрсатмалари асосида ҳаракат қилган.

Прокуратура баёнотида қайд этилишича, Владимир Б.га «Россия разведкаси манфаатларида ишлаш ва диверсияларнинг бевосита ижрочилари (Александр К. ва Евгений И.)га 2025 йил 15–16 ноябр кунлари Мика ва Голомб аҳоли пунктлари ҳудудида диверсиялар уюштиришда кўмаклашиш» бўйича айблов қўйилган.

Тергов маълумотларига кўра, 2025 йил сентябр ойида Владимир Б. Евгений И.ни режалаштирилаётган диверсиялар ҳудудига олиб борган. Бу унга ҳудудни кўздан кечириш, портловчи модда жойлаштириш учун нуқтани танлаш, шунингдек тасвир ёзиб оладиган қурилма ва металл элементни релсларга ўрнатиш имконини берган.

Гумонланувчи 20 ноябр куни Полша полициясининг Марказий тергов бюроси ходимлари томонидан қўлга олинган. 22 ноябр куни прокурор тақдимига биноан суд уни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Бундан олдин Полша ИИВ 15–16 ноябр кунлари Варшава–Люблин темирйўл йўналиши тизимидаги йўл қисмларига зарар етказган диверсия Россия махсус хизматлари томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлигини билдирган эди. Портлашлар икки жойда содир бўлган: Мика посёлкаси (Гарволин шаҳри яқинида) ва Голомб посёлкаси (Пулави яқинида). Зарар кўрган линия Украинага юклар етказиб беришни таъминлайди.

Полша бош вазири Доналд Туск таъкидлашича, портлашларда Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган, икки нафар Украина фуқароси гумон қилинмоқда. «Аниқланган шахслар — Россия махсус хизматлари билан узоқ вақт давомида ҳаракат қилган ва ҳамкорлик қилган икки нафар Украина фуқароси. Бу — бизнинг махсус хизматларимиз ва прокуратурамиз хулосаси, шунингдек иттифоқчи махсус хизматлар билан ҳамкорлик натижасидир», — деган эди Туск.

Унинг сўзларига кўра, ҳар икки эҳтимолий жиноятчи кузда Беларусдан Полшага келган, диверсиядан сўнг эса Тереспол чегара пункти орқали яна Беларус томон кетган. Полша уларнинг Беларусдан экстрадиция қилинишини талаб этмоқда.

Тахминий диверсия йирик аварияларга олиб келиши мумкин эди, аммо бунинг олди олинган. Темирйўлдаги ушбу ҳодисалардан сўнг Полша муҳим объектларни қўриқлаш учун 10 минг ҳарбий юбориш ва мамлакатдаги Россиянинг охирги бош консулхонасини ёпиш ҳақида қарор қабул қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид