Ўзбекистон | 17:49 / 25.11.2025
6013
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Самарқанддан Ургутга поездда борди

Президент «Самарқанд – Ургут» янги темирйўл линиясида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга мазкур йўналишда ҳаракатланувчи поездда Ургутга борди ва янги вокзал инфратузилмасини кўздан кечирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида «Самарқанд – Ургут» янги темирйўл линияси билан танишди.

Ушбу темир йўл қурилиши шу йил февраль ойида бошланган бўлиб, умумий узунлиги 55 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида иккита вокзал, «Ургут» иқтисодий зонасида иккита юк станцияси ҳамда бир қатор кўприклар барпо этилган. Линияни келгусида тўлиқ электрлаштириш режалаштирилган.

Янги йўналиш шаҳарлараро икки жуфт поезд ва тўққиз жуфт юк поезди қатновини таъминлаш имкониятига эга. Лойиҳани шу йил охирига қадар якунлаш кўзда тутилган. Таъкидланишича, поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкони яратилади.

Йўналиш Самарқанд шаҳри, Жомбой, Пастдарғом, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз ва замонавий транспорт хизмати тақдим этади. Шунингдек, ички туризм ривожига ҳам катта туртки беради.

Темир йўл инфратузилмаси иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ушбу лойиҳа «Ургут» эркин иқтисодий зонаси салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Янги йўналиш ишга тушиши натижасида 130 та янги иш ўрни яратилади.

Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга мазкур йўналишда ҳаракатланувчи поездда Ургутга борди.

Сафар чоғида президент темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун қулайликларни янада ошириш, темир йўлларни электрлаштириш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга қўшимча топшириқлар берди. Шунингдек, йўл бўйлаб амалга оширилаётган қурилиш ва ободончилик ишларига эътибор қаратди.

Ургут тумани катта салоҳиятга эга ҳудуд сифатида тобора муҳим ўрин эгаллаб бораётгани таъкидланди. Бу ердаги аҳоли ишбилармон, тадбиркорлик руҳи кучли. Мамлакатимиз иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган бундай ҳудудларни ривожлантиришда эса замонавий логистика ва инфратузилма ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Янги темир йўлнинг келиши билан Ургутда иқтисодий ўсишни чеклаб турган тўсиқлар, логистик «тромб»лар бартараф этилади. Юк ташиш тезлашади, маҳсулотлар бозорларга арзон ва вақтида етказилади, инвесторлар учун қулайликлар янада ортиб, ҳудуднинг рақобатбардошлиги ошади.

Таъкидланишича, мазкур лойиҳа темир йўл тармоғини модернизация қилиш ва кенгайтиришга қаратилган ишларнинг муҳим қисми ҳисобланади. Бу жараёнда ишларни ўз вақтида ва юқори сифатда амалга ошириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда харажатларни оптималлаштириш зарурлиги айтилди.

Ургут вокзали янги йўналишнинг асосий нуқталаридан бири. Президент вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш тизими ва йўловчилар ҳаракатини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратди. Туристлар учун қулайликларни яхшилаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари шу ерда Ургут тумани фаоллари билан мулоқот ўтказди. Суҳбатда ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи ва тинчлик қадри ҳақида фикр алмашилди.

Одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, даромад ва фаровонликни ошириш, маҳаллаларни обод қилиш давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланаётгани таъкидланди. Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар натижасида саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт ва энергетика соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид