Ўзбекистон | 11:48 / 25.11.2025
4002
1 дақиқада ўқилади

“Яшил Тошкент”: 33 км “яшил коридор” барпо этилади

Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2026 йилга қадар 33 километр узунликда “Яшил коридор” барпо этиш, 700 та чорраҳада замонавий, сунъий интеллектуал бошқарувга эга светофор тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди.

Фото: Kun.uz 

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 24 ноябрда Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар ҳақидаги фармонни имзолади. Ҳужжат пойтахтда ҳаво ифлосланишини камайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга қаратилган.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил баҳор ва куз мавсумларида Тошкент кўчалари бўйлаб кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, “Яшил коридор”лар ташкил этилади. Бу шаҳар микроиқлимини яхшилаш, чангланишни камайтириш ва аҳоли учун қулай пиёда ва рекреация ҳудудларини яратишга қаратилган.

Шу билан бирга, 700 та чорраҳада интеллектуал светофорлар ўрнатилиб, сунъий интеллект ёрдамида транспорт оқимини бошқариш, тиғизлик ва чиқиндилар миқдорини қисқартириш режалаштирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Экология қўмитасига ҳаво ифлосланиши аҳоли саломатлигига кўрсатаётган таъсирини доимий ўрганиш, нафас йўллари касалликлари бўйича статистика ва профилак­тика чораларини кучайтириш юзасидан ҳам алоҳида вазифалар юклатилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид