Жаҳон | 08:45 / 26.11.2025
1658
3 дақиқада ўқилади

Коалиция: Украина иштирокисиз тинчлик режаси қабул қилинмайди

«Кўнгиллилар коалицияси» иштирокчилари Киевни қўллаб-қувватлаш ва Москвани адолатли тинчликка эришиш йўлига чиқишга мажбур қилиш учун босимни давом эттиришга келишиб олди. Ҳар қандай қарор Украина суверенитетини кафолатлаши лозим, дейилади баёнотда.

Фото: Ludovic Marin/AFP

Россияга қарши мудофаа урушида Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш тарафдори бўлган «кўнгиллилар коалицияси» сешанба, 25 ноябр куни ўтказилган онлайн-йиғилишдан сўнг, бу урушни якунлаш йўлини муҳокама этишда Киевнинг иштирок этиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. «Ҳар қандай қарор Украина тўлақонли иштирокида қабул қилиниши», унинг узоқ муддатли хавфсизлиги ва суверенитетини кафолатлаши ҳамда БМТ Низоми принципларига мос бўлиши керак, дейилади учрашув якунида қабул қилинган баёнотда. Унга Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер имзо чеккан. Ҳужжатни Германия ҳукумати тарқатди, шунингдек у Бирлашган Қироллик ҳукумати сайтида ҳам эълон қилинди.

Баёнотда қайд этилишича, учрашув иштирокчилари Украинадаги урушни якунлаш бўйича АҚШ президенти Доналд Трампнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, улар «чегараларни куч йўли билан ўзгартириб бўлмаслигини» таъкидлади. Украина бўйича тинчлик режасига доир масалада эса, 23 ноябр куни Женевада Америка ва Украина делегациялари ўртасидаги музокараларда «сезиларли силжиш»га эришилгани таъкидланди, дейилган пресс-релизда.

Шу билан бирга, онлайн-йиғилиш иштирокчилари «Европа ва НАТО манфаатларига оид масалалар европалик шериклар ва НАТО бўйича иттифоқчиларнинг тўлақонли иштирокида алоҳида муҳокама қилиниши» ҳақида ишонч билдирди. Шунингдек, «кўнгиллилар коалицияси» аъзолари Украинага узоқ муддатли молиявий ёрдамни таъминлаш тўғрисида қарорни тезкор қабул қилиш, шу жумладан Россиянинг музлатилган суверен активларининг бутун қийматини ишга солиш ниҳоятда муҳим эканини қайд этди.

«Адолатли ва узоқ муддатли тинчлик Украина учун ҳар қандай келажакдаги тажовузни тийиб туриш имконини берадиган ишончли хавфсизлик кафолатлари орқали таъминланиши лозим», — дейилади ҳужжатда.

Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер раислигида онлайн-конференция форматида ўтган «кўнгиллилар коалицияси» учрашувида Украина президенти Володимир Зеленский, 35 та аъзо давлат раҳбарлари ёки ҳукумат бошлиқлари ва уларнинг вакиллари, шунингдек АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Еврокенгаш раиси Антониу Кошта, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва НАТО бош котиби Марк Рютте иштирок этди.

Йиғилиш иштирокчилари Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдамни янада кучайтириш, шунингдек Россия адолатли ва барқарор тинчликка эришиш йўлида фаол ҳаракат қилишдан бош тортар экан, унга нисбатан босим ўтказишни давом эттириш ниятида эканини тасдиқлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид