Жаҳон | 14:34 / 26.11.2025
867
2 дақиқада ўқилади

ЕИ ва Африка ҳамкорликнинг «янги имкониятларини очишга» қарор қилди

Африка Иттифоқи ва Европа Иттифоқи Анголадаги саммит якунлари бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қатъий бел боғлаганини билдирди. Хусусан, иқтисодий ҳамкорлик, савдо ва инвестициялар масалалари ҳақида сўз бормоқда.

Фото: Thibault Camus/AP

Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Африка Иттифоқи (АИ)га аъзо давлатлар бу икки қитъа ўртасида янада яқинроқ ҳамкорликни муҳим, деб ҳисоблайди. «Келажакка назар ташлар эканмиз, ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш ва янги имкониятларни очиш ниятидамиз», — дейилади Ангола пойтахти Луандада бўлиб ўтган икки кунлик саммит якунларига бағишлаб сешанба, 25 ноябр куни эълон қилинган ЕИ ва АИнинг қўшма декларациясида.

Ҳужжатда, айниқса, иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, декларацияда томонларнинг Африкада иқлим ўзгаришига қарши кураш чораларини молиялаштириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича аввалдан олинган мажбуриятлари эсга олинган.

Ҳар икки ташкилот бутун дунё бўйлаб можароларни ҳал этиш зарурлигини таъкидлади. «Биз Украинада, босиб олинган Фаластин ҳудудида, Суданда, Жанубий Суданда, Конго Демократик Республикаси (КДР)да, Саҳелда, Сомалида ва дунё бўйлаб бошқа урушлар ва можароларда адолатли, ҳар томонлама ва барқарор тинчликка бўлган қатъий қўллаб-қувватловимизга яна бир бор ишора қиламиз», — дейилади қўшма баёнотда.

Европа ва Африка Иттифоқи Суданнинг Шимолий Дарфур вилоятидаги вазиятдан «жуда ташвишда» эканини билдирди. «Биз Ал-Фаширда Яқинда Тезкор реакция кучлари (RSF) томонидан шаҳарни эгаллаб олишдан кейин содир этилган қатл этиш ҳолатларини қоралаймиз ва бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш ҳамда гуманитар ёрдам учун тўсиқсиз киришни таъминлашга чақирамиз», — дейилади декларацияда.

Ҳар икки томон демократия, самарали бошқарув, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва ОАВ эркинлигига садоқатини тасдиқлади. Бироқ dpa агентлиги таъкидлашича, баёнотда кўплаб Африка давлатларида сиёсий рақибларга нисбатан муносабат, норозилик намойишларини куч ишлатиб тарқатиш ёки инсон ҳуқуқлари бузилишлари ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид