Шарқий Африкада 2026 йил ёзида қитъа авиацияси тарихидаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бирига асос солинди. Эфиопия пойтахти Аддис-Абебадан тахминан 35 километр узоқликда барпо этилаётган Бишофту халқаро аэропорти келажакда Африка, Европа, Осиё ва Яқин Шарқни боғловчи йирик транзит марказига айлантирилиши режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, янги аэропорт йилига 110 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу кўрсаткич ҳозирги кунда дунёдаги энг йирик аэропортлар саналадиган Лондоннинг Хитроу, Истанбул, Дубай ҳамда Атлантадаги Хартсфилд—Жексон аэропортларининг кўпчилигидан ҳам юқори.

Африка авиация бозори жадал ўсмоқда

Мутахассислар қайд этишича, 2025 йил майидан 2026 йил майигача Африка авиакомпанияларининг умумий йўловчи сиғими 6,7 фоизга ошган. Бу тахминан 24 миллионта қўшимча йўловчи ўрни яратилганини англатади.

Таққослаш учун, шу даврда Жануби-Шарқий Осиёда ўсиш 1,7 фоизни, Европада 2 фоизни ташкил этган. Жаҳон бўйича ўртача ўсиш суръати эса 1 фоиз атрофида бўлган.

Таҳлилчиларнинг прогнозларига кўра, кейинги йигирма йил давомида Африкада авиайўловчилар сони ҳар йили ўртача 4 фоиздан зиёд суръатда ўсиб боради.

Янги аэропорт Аддис-Абебани алмаштиради
Ҳозирги кунда Эфиопиянинг асосий авиация дарвозаси — Аддис-Абебадаги Боле халқаро аэропорти бўлиб, у йилига 20 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатади. Бироқ мутахассислар фикрича, мавжуд аэропорт яқин йилларда ўз қувватининг энг юқори чегарасига етади.

Шаҳар қурилиши аэропорт атрофини тўлиқ қамраб олгани боис уни кенгайтириш жуда қиммат ва мураккаб ҳисобланади. Шу сабабли янги аэропорт учун шаҳар ташқарисидаги катта ҳудуд танланган.

Фото: Bishoftu aeroporti loyihasi / © Zaha Hadid Architects