Жамият | 16:11 / 27.11.2025
3824
3 дақиқада ўқилади

Ургутда наркосавдогар ҳамшира 10 йилга қамалди

Оилавий поликлиника филиалида патронаж ҳамшираси бўлиб ишлаган 38 ёшли аёл 5 грамм героин ҳамда 1,2 кг опий наркотик моддаси билан қўлга олинган. У судда опийни ўзи истеъмол қилишини, ёнидан топилган наркотик моддаларни сотиш нияти бўлмаганини билдирган. Ҳамшира олдин ҳам шу турдаги жиноят учун судлангани, 6,5 йиллик қамоқ жазоси шартлига ўзгартирилиб, 3 йил синов муддати берилгани маълум бўлди.

Сунъий интеллект чизган сурат

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида наркотик моддалар сотишга уринган ҳамшира жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1987 йилда туғилган М.М. Ургут туманидаги оилавий поликлиникалардан бирининг филиалида патронаж ҳамшира бўлиб ишлаган. Унга 2021 йил феврал ойида ҳам шу турдаги жиноят билан 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо шартлига алмаштирилиб, 3 йил синов муддати берилган. Аммо ҳамшира бундан хулоса чиқармаган. 

М.М. 2025 йил июн ойида Жўрабек ва Ойбек исмли шахслар билан қисми алоҳида иш юритувга ажратилган кўп миқдордаги опий, героин гиёҳванд моддаларини Самарқанд вилояти ҳудудида ўтказиш бўйича олдиндан жиноий режа тузган. Режага мувофиқ у 23 июн куни Ургут туманида яшовчи, қисми алоҳида иш юритувга ажратилган шахсдан 5,05 грамм героинни 2 млн сўмга, 1 кг 226 грамм опийни 102 млн  984 минг сўмга қарз эвазига сотиб олган. Сўнгра ушбу наркотик моддаларни кейинчалик бошқаларга ўтказиш мақсадида яшаш хонадонида сақлаб келган.

2025 йил 1 июл куни М.М. танишининг Cobalt машинасига йўловчи сифатида миниб, ёнида 5,05 грамм героин ва 1,2 кг опий наркотик моддасини олиб кетаётганида ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси тезкор бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.

М.М. судда айбига иқрорлик билдирмаган ва опийни ўзи истеъмол қилишини айтган.

Муқаддам олган жароҳатим бўйича тахминан 1 йилдан буён опий истеъмол қилиб келаман. 2025 йил 1 июл куни эрталаб маҳалладошим У. бободан ўзимнинг истеъмолим учун 10 грамм опий сотиб олдим. Шу вақтда У. бобо қўлида бўлган пакетдаги тахминан 1 кг опийни менга бериб, уни сақлаб туришимни, бир жойга кетаётганини, қайтганидан сўнг олишини айтди. Мен гиёҳванд моддани олиб, сумкамга солиб қўйдим.

Гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадим бўлмаган. Тергов давомида менга босим ўтказишди”, деган у ўз кўрсатмасида.

Шунингдек, М.М. аёл киши экани ва касалмандлигини инобатга олиб, суддан енгиллик беришни сўраган. 

Суд ҳамширанинг гиёҳванд моддани ўзи истеъмол қилиши ва сотиш нияти бўлмагани ҳақидаги кўрсатмасини жавобгарликни енгиллаштириш учун ўйлаб топилган деб ҳисоблаган. М.М.нинг қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан ўз исботини топган.

ЖИБ Ургут туман судининг ҳукми билан М.М. Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) содир қилишда айбли деб топилди. Унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.  

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид