Жаҳон | 13:49 / 27.11.2025
1257
2 дақиқада ўқилади

Европа космик агентлиги илк бор мудофаа соҳаси билан шуғулланади

Европа космик агентлиги (ESA) иштирокчи давлатлардан келаси уч йил учун 22 млрд евро маблағ сўради. Унинг бюджети сезиларли ошиши, жумладан, Европанинг космосдаги ҳарбий мавжудлигини кучайтириш зарурати билан боғлиқ.

Фото: EPA

Европа космик агентлиги (ESA) ўзининг иштирокчи давлатларидан келгуси уч йил учун 22 млрд евро миқдорида молиялаштириш сўради. Бу аввалги бюджетдан 36 фоизга кўп, дея хабар берди чоршанба, 26 ноябр куни Bloomberg агентлиги. Шу куни Бремен шаҳрида ESA'га аъзо 23 давлатнинг космос масалалари бўйича вазирлари икки кунлик йиғилиши бошланди. Унда Европа ҳарбий мавжудлигини космосда кучайтиришга қаратилган қиймати 1,35 млрд евро бўлган дастур тақдим этилади. 1975 йилда фуқаролик ташкилоти сифатида ташкил этилган агентлик илк бор мудофаа лойиҳалари билан шуғулланади.

Европа Россиянинг Украинага қарши уруши ва АҚШ президенти Доналд Трамп босимига жавоб тариқасида мудофаа харажатларини ошираётган бир пайтда, ESA бош директори Йозеф Ашбахер “Космосдан Европа барқарорлиги” (European Resilience in Space) номли дастурни таклиф қилди. У ESA'га аъзо давлатларга ўз космик ресурсларидан биргаликда фойдаланиш имконини беради. Ашбахернинг фикрича, энди космик дастурларни молиялаштиришни тобора кўпроқ мудофаа вазирликлари амалга оширади, ҳолбуки олдин Европада буни асосан фуқаролик вазирликлари қилар эди.

“Космосдан Европа барқарорлиги” дастури Iris2 каби лойиҳалардан фойдаланади — у Илoн Маскнинг Starlink алоқа сунъий йўлдошлари тармоғига Европа томонидан яратилаётган муқобил, шунингдек, Америка GPS тизимига ўхшаш Европа навигация тизими Galileo ҳам қўлланади. Асосий фойдаланувчилар ҳарбий тузилмалар, полиция ва фуқаролик мудофаа хизматлари бўлади. Таклиф Германия, Франция, Буюк Британия ва бошқа давлатлар космик агентликлари раҳбарлари томонидан ESA'нинг Бремендаги вазирлар кенгашида овозга қўйилади.

Ашбахер катта давлатларни ўз миллий (суверен) космик активларини ўртоқлашишга ишонтириш осон бўлмаслигини тан олди. Бироқ “Европа учун мустақиллигимизни ва автономиямизни мустаҳкамлаш ҳақиқатан ҳам жуда муҳим”, деб таъкидлади у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид