Ўзбекистон | 14:12 / 28.11.2025
922
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури старт олди

Президент фармойишига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури амалга оширилади. Дастур орқали давлат хизматларини соддалаштириш, ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш, рақамли мулоқотни кучайтириш ва суиистеъмолчилик хавфини камайтириш кўзда тутилган.

Фото: Pexels

Фармойишга кўра, Дастурнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

фуқароларнинг ҳаёт сифатини давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали яхшилаш;
тадбиркорликни рағбатлантириш, мамлакатнинг хорижий инвестициялар учун жозибадорлигини ошириш;
рақамли бошқарув ва давлат бошқаруви соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий халқаро имижини шакллантириш;
ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, жараёнлар шаффофлигини ошириш орқали суиистеъмолчилик хавфини камайтириш.

Дастурнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш мақсадида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида лойиҳа офиси ташкил этилади. Унга қуйидаги вазифалар юклатилган:

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Дастурни самарали амалга ошириш;
Дастур доирасида чора-тадбирлар бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва Президент ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга киритиш;
ҳар йил якуни бўйича вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг бюрократияни бартараф этиш бўйича ишларини баҳолаш ва натижалар ҳақида Президентга ахборот тақдим этиш.

Фармойишда алоҳида тартиб ўрнатилиб, бюрократияни қисқартиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш, шунингдек, амалга оширилган ишларнинг самарадорлигини баҳолаш Zero Bureaucracy рақамли платформаси орқали амалга оширилиши белгиланди. Мазкур платформа Агентлик оператори ва мулкдори ҳисобланади.

Дастурда кўзда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш учун давлат ташкилотларининг биринчи раҳбарлари шахсан жавобгар экани кўрсатиб ўтилган.

Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигига бир ой муддатда:

лойиҳа офиси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташкилий ишлар;
“Бюрократияни бартараф этиш” миллий мукофот танловини ҳар йили ўтказиш регламентини ишлаб чиқиб, Президент Администрациясига киритиш;
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Zero Bureaucracy рақамли платформасини ишга тушириш ва уни мунтазам янгилаб бориш вазифалари юклатилди.

Фармойиш ижросини муҳокама қилиш, масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш вазифаси Президентнинг маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов зиммасига юклатилган.

Дастур давлат бошқарувида “қоғозбозликдан эмас, натижадан манфаатдор бўлган” замонавий, очиқ ва инсонпарвар тизимни шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид