Ўзбекистон | 17:46 / 06.05.2026
2029
3 дақиқада ўқилади

Лицензия 14 кун эмас, 5 дақиқада: қурилишда бюрократияни қисқартириш чоралари белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев 6 май куни қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида бюрократияни қисқартириш ва назорат ишлари натижадорлигини ошириш юзасидан тақдимот билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш, рухсат бериш жараёнларида бюрократияни камайтириш, қурилиш объектлари устидан назоратни рақамлаштириш ва инсон омилини қисқартириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ҳозир қурилишни бошлаш учун рухсат олишда жами 8 та ҳужжат талаб этилади. Бу жараён айрим ҳолларда 3 ойдан 12 ойгача чўзилмоқда. Шу боис 2 та ҳужжатни талаб қилишни бекор этиш, яна 2 та ҳужжатни эса рақамли интеграция ҳисобига шакллантириш таклиф этилди. Натижада ариза бериш ва кўриб чиқиш учун кетадиган вақт 7 баробар қисқаради.

Янги тартибга кўра, лойиҳалашга рухсатнома ва архитектура-режалаштириш топшириғи бериш жараёнлари ягона ҳужжатга бирлаштирилади. “ShaffofAI” тизими орқали ушбу жараён инсон омилисиз, автоматик тарзда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида 30 иш кунигача давом этадиган жараён тўлиқ автоматлаштирилади.

Лойиҳа-қидирув, қурилиш-пудрат ва экспертиза ташкилотларини лицензиялашда ҳам янги тартиб жорий этилади. Бугунги кунда ариза беришда 3 тадан 30 тагача ҳужжатни илова қилиш талаб этилиб, қарор қабул қилиш 14 иш кунигача чўзилмоқда. Таклиф этилаётган тизимда маълумотлар электрон базалар орқали автоматик текширилади, ҳужжат илова қилиш талаби бекор этилади. Лицензияни расмийлаштириш муддати 14 иш кунидан 5 дақиқагача қисқаради, қарор қабул қилиш жараёни 97 фоизга тезлашади.

Қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилиш жараёни ҳам соддалаштирилади. Ўтган йили бу борада берилган 20 мингдан ортиқ аризалар турли сабаблар билан рад этилган. Камчиликларни бартараф этиш учун буюртмачилар 1 ойдан 3 ойгача вақт сарфламоқда.

Энди давлат объектларини фойдаланишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар сони 3 тадан 1 тага қисқартирилади. Техник ва муаллифлик назоратчилари хулосалари, мувофиқлик декларацияси ва бошқа маълумотлар рақамли тизимлар орқали шакллантирилади. Бу орқали объектни қабул қилиш муддати 2 ойдан 15 кунгача қисқаради.

Шу билан бирга, бинонинг мустаҳкамлиги ва ёнғин хавфсизлигига таъсир қилмайдиган архитектуравий ёки режавий ўзгаришлар сабаб объектни фойдаланишга қабул қилишни рад этиш амалиёти қайта кўриб чиқилади. Бундай ҳолатларда зарур корректуралар киритилиб, объектни қабул қилиш имконияти яратилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид