Ўзбекистон | 15:01 / 29.11.2025
949
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон авиакарго ташувларини йўлга қўйиши мумкин

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Покистон бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси – саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар Хан ҳамда Равалпинди савдо-саноат палатаси президенти Усмон Шавкат билан учрашув ўтказди. Музокаралар чоғида саноат кооперациясини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасида авиакарго ташувларини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Фото: Дунё

Учрашувда, шунингдек, муқобил транзит ва логистика йўналишларини ишлаб чиқиш, Покистон фуқаролари учун электрон виза тартибини жорий этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Равалпинди савдо-саноат палатаси президенти Усмон Шавкат етакчи покистонлик ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга амалга оширган бизнес-миссияси ҳамда 10 ноябр куни Тошкент шаҳрида ўтказилган International Achievement Awards and Business Opportunities Conference – 2025 доирасидаги бизнес-форум натижалари ҳақида маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, мазкур тадбирлар икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида амалий алоқаларни мустаҳкамлаш, кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантиришга хизмат қилган.

– Покистонлик ишбилармонларнинг Ўзбекистон бозорига қизиқиши тобора ортиб бормоқда, – деди Усмон Шавкат. – Ўзбекистонга амалга оширилган бизнес-миссия давомида савдо, инвестиция, саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Покистон томони авиакарго ташувларини йўлга қўйишга юқори қизиқиш билдиргани қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг хусусий авиакомпаниялари ва покистонлик авиаташувчилар ўртасида онлайн учрашувлар ўтказиш таклифи илгари сурилди. Мазкур масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида ҳар икки мамлакат Транспорт вазирликлари ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олинди.

Мулоқот чоғида, шунингдек, икки мамлакат фуқаролари учун виза тартибларини соддалаштириш ва саёҳат ҳамда бизнес алоқаларини енгиллаштириш истиқболлари хусусида ҳам фикр алмашилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид