Ўзбекистон | 09:43 / 29.11.2025
63839
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик олимлар ёқилғисиз “яшил иссиқхона” технологиясини яратди

ЎзФА Материалшунослик институти олимлари иссиқхоналарни ҳеч қандай ёқилғи ишлатмасдан, чиқинди газларсиз иситиш ва ёзда эса совитган ҳолда ушлаб туриш имконини берадиган “ақлли” плёнка технологиясини ишлаб чиқди. Синовларга кўра, янги плёнка қўлланган иссиқхоналарда энергия сарфи 60–80 фоизгача камаяди, ҳосилдорлик 35–50 фоизгача ошади.

ЎзФА маълумотига кўра, янги технология иссиқхона плёнкаларига махсус нанокомпозит заррачаларни жойлаштиришга асосланган. Ушбу заррачалар қуёш нурининг кучли ултрабинафша қисмини сўриб, уни юмшоқ инфрақизил нурга айлантиради. Натижада инфрақизил нур тупроқ ва ҳавони самарали иситади ҳамда иссиқхона ичидаги ҳароратни автоматик равишда тартибга солишга ёрдам беради.

Иссиқхоналарда ўтказилган тажрибалар қуйидаги натижаларни кўрсатган:

  • ташқи ҳаво ҳарорати –3…–7 °C бўлган шароитда ҳам янги плёнка қопланган иссиқхона ичидаги ҳарорат барқарор +5…+7 °C даражани ташкил этган (оддий плёнкаларда бу кўрсаткич одатда 0…+2 °C атрофида);
  • қиш фаслида қўшимча иситиш ускуналарисиз ёки минимал иситиш билан ишлаш имконияти вужудга келади;
  • ёзда эса аксинча, иссиқхона ичидаги ҳарорат 6–9 °C га пастроқ бўлиб, ўсимликларни ортиқча қизиб кетишдан ҳимоя қилади ва стресс ҳолатини камайтиради.

Кучайтирилган инфрақизил нур оқими ҳисобига фотосинтез жараёни тезлашади, ўсимликлар эса 1,5–2 баравар тезроқ ўсиши кузатилган. Синов натижаларига кўра:

  • иситиш учун энергия сарфи (газ, кўмир, мазут ва бошқалар) 60–80 фоиздан ортиқ қисқаради;
  • иссиқхона хўжалигида ёқилғи ёқилиши билан боғлиқ ифлослантирувчи газлар атмосферага деярли чиқмайди;
  • ҳосилдорлик 35–50 фоизгача ошади;
  • суғориш суви сарфи ўртача 30 фоизга, махсус гидрогеллар қўлланганида эса 90 фоизгача камаяди;
  • плёнкаларнинг мустаҳкамлиги тахминан 3 баравар ошиб, уларнинг хизмат муддати узаяди ва пластик чиқиндилар миқдори камаяди.

Олимлар таъкидлашича, мазкур ишланма амалда иссиқхоналар учун “яшил иссиқлик” концепциясини амалга оширади: энергия анъанавий қувурлар ёки тутун трубаларидан эмас, балки қуёш нурларидан олинади. ЎзФА хабарномасида қайд этилишича, технологияни маҳаллий иссиқхона хўжаликларига жорий этиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини барқарор ва экологик тоза шароитда етиштириш имкониятларини кенгайтиради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид