Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вилнюс аэропорти ҳаво шарлари сабаб навбатдаги бор ёпилди
Вилнюс аэропорти ҳаво ҳудудида ҳаво шарлари бўлган объектлар пайдо бўлгани муносабати билан вақтинча чекловлар жорий этилди.
Фото: Depositphotos
Якшанба куни, 30 ноябр кечқурун Вилнюс аэропорти яна бир бор ҳаво бандаргоҳи томон ҳаракатланаётган ҳаво шарлари бўлган объектлар сабабли ишини тўхтатди. Бу ҳақда аэропорт матбуот хизмати Facebook ижтимоий тармоғида хабар берди.
«Маълум қиламизки, 2025 йил 30 ноябр куни соат 18:09 да Вилнюс аэропорти устидаги ҳаво ҳудудида вақтинча чекловлар жорий этилди. Чекловлар 21:00 гача амал қилади, — дейилади хабарда. — Дастлабки маълумотларга кўра, Вилнюс аэропорти томон ҳаракатланаётган, ҳаво шарларига хос навигация сигналлари қайд этилгани туфайли ҳаво ҳудудида чекловлар жорий этиш ҳақида қарор қабул қилинган».
Гап Беларус ҳудудидан Литвага сигаретани контрабанда йўли билан олиб кириш учун ишлатиладиган, метеозондлар деб аталадиган ҳаво шарлари ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Литва Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, жорий йил бошидан буён мамлакатда бундай ҳаво шарлари Литва ҳаво ҳудудига кириб келганига оид ярим мингга яқин ҳолат қайд этилган.
Шу каби сигарета контрабандасига мўлжалланган ҳаво шарларини Латвия ва Полша чегарачилари ҳам аниқламоқда. Бироқ сўнгги ҳафталарда Литва учун муаммо шундаки, метеозондлар бевосита Вилнюс аэропортига яқин ҳудудгача етиб келмоқда. Шу сабаб халқаро аэропортда парвозларга чекловлар жорий этилмоқда. Reuters агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, октябр ойи бошидан буён Вилнюс аэропортида бундай чораларга камида ўн марта мурожаат қилинган.
Литва расмийлари Вилнюс аэропорти ишининг ҳаво шарлари сабаб бузилиши Россиянинг Беларус ёрдамида НАТО мамлакатларига қарши олиб бораётган гибрид операциясининг бир қисми, деб ҳисоблайди. Октябр ойида Литва Беларус билан чегарадаги иккала назорат-ўтказиш пунктини ёпган эди.
Бироқ метеозондлар маълум вақтгача Вилнюс аэропорти яқинида пайдо бўлмай қолгандан сўнг, ўтган ҳафтада бу назорат-ўтказиш пунктлари иши яна тикланди.
Мавзуга оид
10:03 / 03.12.2025
Литва 2026 йилда армияга 5 минг кишини чақиришни режалаштирмоқда
14:58 / 02.12.2025
ЕИ Литвага қарши гибрид ҳужумлар сабаб Беларусга янги санкциялар тайёрламоқда
14:47 / 02.12.2025
Wise Россия ва Беларус фуқароларининг карталарини ЕИ санкциялари асосида блоклади
21:24 / 27.11.2025