Жаҳон | 21:51 / 02.12.2025
16950
3 дақиқада ўқилади

Россия зарурат пайдо бўлса, Европа билан урушга тайёр – Путин

Россия президенти Владимир Путин «Россия зовёт!» инвестиция форумида нутқ сўзлади ва Украинадаги уруш, Европанинг тинчлик келишувига тўсқинлиги, Украинанинг Қора денгиздаги танкерларга ҳужуми, шу туфайли Украинани Қора денгиздан узиб қўйиш ҳақида гапирди.

Фото: TASS

Россия Европа билан урушмоқчи эмас, аммо агар уруш бошласа, Москва «ҳозирнинг ўзида бунга тайёр», деди Россия президенти Владимир Путин «Россия зовёт!» инвестиция форумида. Унинг сўзларидан РБК иқтибос келтирди.

Унинг таъкидлашича, Европа АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятига Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга тўсқинлик қилмоқда. Брюссел тинчлик режаси бўйича Россия учун «номақбул таклифларни илгари сурмоқда». Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, Европанинг ўзи музокаралардан ўзини четга олган.

«[Европа] Россияга стратегик мағлубият етказиш тезисини ўзига қурол қилиб олди ва ҳозиргача бу иллюзиялар билан яшамоқда <...> Уларда [Украина бўйича] тинчликка эришиш кун тартибида йўқ. Улар уруш томонида», деди Путин.

Агар Украина Қора денгиздаги танкерларга ҳужумни давом эттирса, Россия Украинага ёрдам бераётган давлатларнинг кемаларига қарши «жавоб чоралари» кўриши мумкин, деди Владимир Путин.

«Агар танкерларга ҳужумлар давом этса, биз Украинага ёрдам бераётган мамлакатлар кемаларига нисбатан жавоб чораларини кўриш имкониятини ўрганиб чиқамиз. Умид қиламанки, Киев ва унинг ортида турганлар Қора денгиздаги кемаларга ҳужумни давом эттириш масаласида яхшилаб ўйлаб кўришади», деди Россия президенти.

Шунингдек, Украинанинг Қора денгиздаги танкерларга ҳужумларига радикал жавоб - Украинани Қора денгиздан бутунлай узиб қўйиш, деди Путин.

Россия президенти Украина томони ҳаракатларини «қароқчилик» деб атади. «Энг радикал йўл - Украинани денгиздан узиб қўйиш, шунда умуман қароқчилик билан шуғулланиб бўлмайди», деди у.

Шу билан бирга, Украинадаги «махсус ҳарбий операция» том маънодаги уруш эмас, чунки унда Россия «бошқача усуллар билан ҳаракат қилмоқда».

«Россия Украинада жарроҳлик йўли билан, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда. Бу тўғридан-тўғри, замонавий маънодаги уруш эмас», деди у.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид