Жамият | 22:41 / 02.12.2025
11325
4 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева тунги экорейдда иштирок этди

Экология бўйича махсус комиссия йиғилишидан сўнг президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қибрай туманидаги экологик рейд тадбирларида иштирок этди ва ҳавони ифлослантираётган иссиқхона раҳбари билан гаплашди. «Бизга одамларнинг соғлиғи жуда муҳим. Бу нарса тўхташи керак», – деди у.

Фото: SShMirziyoyeva / Telegram

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 2 декабр куни кечқурун Махсус комиссия йиғилишидан сўнг мутасаддилар билан биргаликда экологияни зарарлаётган иссиқхоналарни текшириш бўйича тунги рейдларда қатнашди.

«Барчамизни ташвишга солаётган муаммони чуқурроқ ўрганиш мақсадида бугун мен ҳам уларга ҳамроҳлик қилдим. Биз Қибрай туманидаги иссиқхоналардан бирига бордик», – деб ёзди у ўз телеграм-каналида.

Айтилишича, бу иссиқхонада кунига 150 килограммга яқин кўмир ёқилади ва бу атроф-муҳитга жиддий зарар етказади.

«Бизнесмен дода, энди сиз бизнес қиласиз, биз бу билан нафас оламиз. Сизнинг ҳам бола-чақангиз бор-ку? Мен сиз билан гаплашгани келдим, таҳлил қилгани келдим – қанақа қилиб мен сизга ёрдам берайки, сиз ҳам бахтли бўласиз, мен ҳам бахтли бўламан?» – дея сўради президент администрацияси раҳбари тадбиркордан.

 

Тадбиркор иссиқхонага филтр қўйиш ишларини ҳосил бир ҳафтада тугаши, шу сабабли ишлар чўзилаётгани билан боғлади.

«Бир ҳафта [муддат] бердик-ку? Қаранг, бу ерда яшаб бўлмайди-ку, чидаб бўлмайди-ку? Болаларингиз қаерда яшайди? Ҳал қилинглар бу масалани, Зойир Тоирович», – деган Саида Мирзиёева Тошкент вилояти ҳокимига мурожаат қилиб.

Бунга жавобан Зойир Мирзаев тадбиркорнинг охирги муддати қолганини айтди: «Эртага филтрини олиб келамиз, сотволади, ўрнатади».

Президент администрацияси раҳбари бизнес эгаларига ёрдам кўрсатиш муҳимлигини таъкидлади. «Майли, субсидиялар беринглар. Нимадир ўйлаш керак, бу нарса тўхташи керак. Тўхтатинглар. Буни қаранглар аҳволини. Бизга одамларнинг соғлиғи жуда муҳим. Болаларимизнинг соғлиғи муҳим», – тушунтирди у.

Саида Мирзиёева тадбиркорлар ўзининг ҳар бир ҳаракати учун жавобгарликни бўйнига олиши шартлигини таъкидлаган.

«Экологияга етказилаётган зарарни моддий манфаат, мўмай даромад билан оқлаб бўлмайди. Бундай ишлаб чиқаришнинг иқтисодий фойдаси катта бўлиши мумкин, лекин аҳоли соғлиғига зарари ундан-да кўпроқ тегади», – дейди у.

Шу билан бирга, тадбиркорлар ўз фаолиятини қонуний ва хавфсиз юритишлари учун ёрдам кўрсатиш зарур, дейилади хабарда. Шу боис, Экология қўмитасига бир кун ичида ушбу иссиқхонага замонавий филтр ўрнатиш, шунингдек, тадбиркорлар учун семинар-тренинг ва филтрлар савдо-кўргазмасини ташкил этиш вазифаси топширилган.

Махсус комиссиянинг бугунги йиғилишида экологик вазият ҳамда уни яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар бир марталик ёки вақтинчалик акция эмаслиги, бундан кейин, гарчи ҳаво яхшиланган тақдирда ҳам, мазкур йўналишдаги ишлар тўхтаб қолмаслиги, изчил ҳамда тизимли давом этиши, буни барча бўғиндаги раҳбарлар тўғри англаши кераклиги қатъий таъкидланганди.

«Миллат саломатлиги президентимиз учун устувор вазифа, муаммо узил-кесил ҳал бўлмагунча тўхтамаймиз», – деган йиғилишда Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши кучайиши фонида бир ҳафта олдин, 24 ноябр куни Саида Мирзиёева маъмурият ва масъул идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказиб, вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни муҳокама қилганди. Шу куни президент Шавкат Мирзиёев фармони билан ушбу чора-тадбирлар тасдиқланди ва махсус комиссия тузилди.

Махсус комиссия томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳар куни ҳавони ифлослаётган шундай объектлар бўйлаб рейдлар ўтказиб келинмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид