Жаҳон | 21:10 / 02.12.2025
5060
2 дақиқада ўқилади

Трамп 5 соатда ижтимоий тармоқда 160 дан ортиқ пост жойлади

Оқ уй раҳбари бир қатор репостларни қилди ва бир нечта ғазабли хабарлар ёзди.

Фото: Samuel Corum

АҚШ президенти Доналд Трамп 1 декабр куни кечқурун ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида тахминан 5 соат ичида 160 дан ортиқ пост жойлаштирди, деб ёзди Daily Beast.

Уларнинг аксарияти «MAGA-дўстона контент» репостлари, жумладан, Fox News, консерватив видеоблогер Бенни Жонсон ва радиобошловчи Алекс Жонс саҳифаларидан олинган постлардир.

«Соат 19:09 дан 23:57 гача бўлган вақт оралиғида 160 дан ортиқ пост <...> ва уларнинг аксарияти икки мартадан чоп этилган. Баъзи ҳолатда президент ҳар дақиқада биттадан ортиқ пост қолдирган», дейилади мақолада.

Оқ уй раҳбари бир қатор репостларни бошлашдан олдин шахсан ўзи ҳам бир нечта ғазабли хабарлар ёзди. Хусусан, у аризоналик сенатор, собиқ денгиз флоти капитани ва NASA астронавти Марк Келлини танқид қилди - Трамп уни демократ ҳамкасблари билан биргаликда ҳарбий хизматчиларга ноқонуний буйруқларни бажаришдан бош тортиш конституциявий мажбуриятини эслатган видеони суратга олганидан кейин «сотқин» деб атаган эди.

Трамп Truth Social платформасининг фаол фойдаланувчиси сифатида танилган, аммо нашрнинг ёзишича, «бу постлар тўлқини ҳатто унинг мақоми инобатга олинганда ҳам ақлдан оздиради».

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид